Дума раиси Қирғизистонга “хориж агентлари”га қарши курашда Москва тажрибасини қўллашни таклиф қилди

Россия Давлат Думасининг раиси Вячеслав Володин Москвада Қирғизистон парламенти раиси Нурланбек Шакиев билан учрашуви чоғида “чет эл аралашуви” масаласини кўтарди. Володин бу борада Бишкекка Москва тажрибасини қўллаш фойдали бўлишини айтди.

Дума расмий сайтида билдирилишича, Володин: “Россия билан Қирғизистон чет элдан аралашувга қарши чора-тадбирлар белгиланган қонунлар масаласида ўзаро тажриба алмашади. Бу борада Россияда самарали ишлаётган қонунлар қабул қилинган. Ҳозирги кунда дунёнинг қатор давлатларида Ғарб молиялаштираётган ноҳукумат ташкилотлар мустақилликка, давлатчиликка таҳдид туғдирмоқда. Бу масалада Россиянинг тажрибаси Қирғизистон учун фойдали бўлади”,-деб маслаҳат берган.

Нурланбек Шакиев бу таклифга қандай жавоб қайтаргани ҳозирча маълум қилинмади. Қирғиз парламенти тарқатган расмий хабарда, Шакиев Володин билан “чет эл аралашуви” масаласини муҳокама қилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Қирғизистон ҳукумати ўтган йил ноябрда “Тижорий ва нодавлат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этган эди. Бу қонун лойиҳасида нодавлат ташкилотлари фаолиятини назоратга олиш ва чеклашга сабаб бўлувчи кўплаб моддалар мавжудлиги ортидан жамоатчиликнинг кескин танқидига учраганди.

Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти мазкур қонун фуқароларнинг эркин йиғилиш ҳуқуқини чеклайди ва нодавлат ташкилотларига нисбатан босимни кучайтиради, деб муносабат билдирган.

Қонун лойиҳасини қайта ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилган. Лойиҳа 1 июлгача қайта ишланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ