14 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Аю» компанияси давлат мулкига ўтишини маълум қилди.
Жапаров мамлакатдаги энг йирик алкоголь ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган «Аю» компаниясини солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва алкоголь контрабандасида айблади.
Президентга кўра, компания 12 минг соҳта акциз ва контрабанда йўли билан олиб кирилган олиб келинган спиртли ичимликларни чиқариб, 275 тонна маҳсулот билан ушланган. Буларнинг барчаси 40 миллион сомга (500 мингга яқин) баҳоланган.
«Эндиликда спиртли ичимликлар заводи қонун доирасида мусодара қилиниб, давлат тасарруфига ўтказилади. Кейинчалик алкоголь ҳам, ароқ ҳам давлат томонидан ишлаб чиқарилади”, — деди Президент.
«Аю» компанияси вакиллари ҳозирча президент Садир Жапаровнинг баёнотига муносабат билдирмаган.
«Аю» МЧЖ алкоголь ва таркибида алкоголли маҳсулотлар бўган маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
МЧЖ Қирғизистондаги энг бой одамлардан бири саналган тадбиркор, собиқ депутат Шаршенбек Абдикеримов томонидан асос солинган “Assosiation of AU” холдингиники ҳисобланади. Холдинг таркибига турли соҳаларда фаолият юритувчи 20 дан ортиқ компаниялар киради.
2020 йил ноябрь ойида Қирғизистонда ҳокимият алмашганидан сўнг «Аю» компанияси фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани маълум бўлди. Бунгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси компания томонидан солиқ тўлашдан бўйин товлаш фактлари аниқлангани ҳақида хабар берган эди.
Компания вакиллари ишлаб чиқариш ярмига қисқартирилганини тан олди, бироқ улар солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик айбловларини рад этди. 2021 йилда эса компания 657 миллион сом солиқ тўлаб, ўтган 4 йилдаги рекордни янгилаган.