Бишкекда 8 март куни аёллар ҳуқуқлари учун йиллик марш бўлиб ўтади

8 март куни Бишкекда, Спорт саройи ёнида аёлларнинг гендер зўравонлик ва камситишларга қарши ҳар йили бирдамлик тинч марши бўлиб ўтади. Бу ҳақда «8/365» феминистик ҳаракати хабар берди.

Унга кўра, Қирғизистонда жамоат жойларида аёлларга нисбатан тазйиқлар сони ортиб бормоқда, полиция ва судлар “аёлларга қарши жиноятларга кўз юмиб, самарасиз ишламоқда”.

“Эркаклар ва аёллар ўртасидаги иш ҳақи фарқи 30% ни ташкил қилади. Мактабгача таълим муассасаларининг йўқлиги туфайли хотин-қизлар фарзандлари билан ўтириб ёки масофадан туриб меҳнат қилиб, икки баробар юк кўтаришга мажбур бўлмоқда. […] Гендер тенглиги тўғрисидаги қонун ишламайди. Давлат бошқарувида ҳам бугун вазирлар орасида икки нафар аёл бор. 7 та вилоят, 40 та туман, 32 та кичик шаҳарча ва 453 та қишлоқ ҳукуматида бирорта ҳам аёл раҳбар йўқ”, – деди юриш ташкилотчилари.

Шунингдек, феминистик ҳаракат вакиллари аёлларга нисбатан зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш, ҳар бир ҳудудда инқироз марказлари очиш, сўз эркинлигига босимни тўхтатишни талаб қилмоқда.

2022 йилда 8 март куни Бишкек ва Ўш шаҳарларида тинч бирдамлик юришлари бўлиб ўтди, унда иштирокчилар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Украинадаги урушга қарши чиқишди.

Бироқ 2020 йилнинг 8 март куни Бишкекда митинг бошланишидан аввал иштирокчиларга номаълум шахслар ҳужум қилган, полиция эса митинг ташкилотчиларининг ўзларини қўлга олган.

2021 йилда WPC (Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси) маълумотларига кўра, Марказий Осиё республикалари орасида Қирғизистон аёллар учун энг хавфли давлат деб топилди.

Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2022 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ 6 580 та жиноий иш қўзғатилган, уларнинг ярмидан ками, яъни 270 таси судга юборилган.

Human Right Watch халқаро ташкилоти ҳам 2022 йилги ҳисоботида аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг аксарияти судгача етиб бормаслигини таъкидлади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ