Меҳнат вазирлиги “Халқаро меҳнат ташкилотининг 190-сонли меҳнат соҳасида зўравонлик ва таъқибларга барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжат Koomtalkuu.gov.kg порталида жойлаштирилган.
Қонун лойиҳасининг асосли эслатмасида Конвенциянинг ўзидан кўчирма келтирилган бўлиб, унда айтилишича, «меҳнат соҳасида зўравонлик ва таъқиб қилиш бир қатор қабул қилиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлар ёки таҳдидларни англатади.
“Бошқа қонунғқоидалар қатори, Конвенция қуйидагиларни ўз ичига олади: жисмоний зўравонлик; оғзаки ҳақорат қилиш, қўрқитиш, таҳдид ва таъқиб қилиш. […] Юқорида айтилганларни ҳисобга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, 190 сонли Конвенция меҳнат муносабатлари соҳасида зўравонлик ва таъқибларга ўрин йўқлигини эълон қилади. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ишчиларни, хусусан, аёлларни ҳимоя қилиш борасидаги изланишларда зарур туртки беради”, — дейилади ҳужжатнинг тавсифий қисмида.
Бундан ташқари, ҳужжат меҳнат фаолиятининг барча соҳаларига, жумладан, хусусий тадбиркорлар қўлида меҳнат қиладиган ишчиларга ҳам татбиқ этилади.
“Конвенция замонавий дунёда меҳнат, айниқса, пандемия шароитида ҳар доим ҳам жисмоний иш жойи билан чекланиб қолмаслигини ҳисобга олади. Масалан, у иш билан боғлиқ алоқаларни, жумладан, интернет ва бошқа технологиялардан фойдаланишни қамраб олади”, — дейилади қонун лойиҳасида.
2019 йилда Халқаро Меҳнат Ташкилоти меҳнат дунёсида зўравонлик ва таъқибларни бартараф этиш тўғрисидаги конвенцияни қабул қилди, бу меҳнат дунёсида зўравонлик ва таъқибларни бартараф этиш бўйича биринчи халқаро шартнома. Конвенцияни қабул қилиш бўйича якуний овоз бериш 2019 йил 21 июнь куни ХМТнинг Женевадаги штаб-квартирасида бўлиб ўтди.