АҚШда ҳамма коронавирус тести топшириши, ниқобда юриши шарт эмас

Оқ уй янги матбуот котиби Кейли Макенени 6-май куни журналистлар билан брифингда Трамп маъмуриятининг коронавирус тести бўйича сиёсатини тушунтирди.

«АҚШда шу кунгача 7,5 миллион одам бундай тест топширган. Мисли кўрилмаган кўрсаткич. Бу борада мамлакатимиз дунёда етакчи», – дейди Макенени.

Президент Трамп Америкада ҳар бир одам тиббий ниқоб тақиб юриши зарур деб ҳисоблайдими? Оқ уй матбуот котиби бу борада ҳам саволга тутилди.

«Бу одамларнинг ўзига боғлиқ. Зарурат деб ҳисобласа, тақсин. Президент, кўриб турганингиздек, ниқобсиз юрибди. Унинг фикрича, ҳамма ниқобда юриши шарт эмас. Бизнинг ҳукумат ниқобни мажбурият деб эълон қилган эмас. Маслаҳатимиз, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Тақмоқчи бўлсангиз, таъминлаяпмиз. Мамлакат бўйлаб, Н95 русумидаги ниқобнинг 70 миллион донаси тарқатилди. Яна 120 миллион жарроҳлик ниқоби муҳайё. АҚШда ҳозир ниқоб етарли деб ҳисоблаймиз ва керак бўлса, яна бор», – дейди Макенени.

Ишга қайтиш арафасидаги ҳар бир америкалик тест топширгани маъқул эмасми? Инфексия ҳолларининг олдини олиш шу тариқа ҳам мумкин эмасми?

«Биринчидан, ҳар бир америкаликни тестдан ўтказиш уларни бир марта эмас, қайта-қайта тестдан ўтказиш деганидир. Чунки тест билан юқтириш ҳолларининг олдини ололмайсиз. Оқ уй бошидан бу йўлдан бормаган ва бормоқчи эмасмиз. Бизнинг мутахассисларимиз, шифокорларимизга кўра албатта тест топшириши керак бўлган тоифалар бор. Биринчи навбатда улар кўрикдан ўтмоқда. Кексалар, масалан, ва озиқ-овқат саноатида ишлайдиганлар», – дейди Макенени.

«Стратегик иш тутаяпмиз. АҚШда ўртача ҳар минг кишидан 11 нафари тест топширяпти. Касаллик кенг тарқалган ҳудудларда эса ўртача ҳар минг кишидан 17 нафари».

Штатлар, шаҳар ва туманлар, маҳаллалар бўйлаб тест марказлари қаерда экани ҳақида маълумот тарқатилмоқда. Кўрикдан ўтишни хоҳлаган одамга бу имконият рад этилмайди, дейди соғликни сақлаш мутасаддилари.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ