Сирдарёдаги сув омбори ўпирилди. Аҳоли эвакуация қилинмоқда (видео)

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 6 да ўпирилишни бошлаб, яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босган.

Воқеа гувоҳининг айтишича, аввал Мирзаобод туманидаги халқ тилида «1А совхоз» деб аталадиган аҳоли пунктини, сўнгра эса аҳоли яшайдиган бошқа ҳудудларни сув боса бошлаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ички ишлар бўлимлари, Миллий гвардия ходимлари аҳолини уйғотиб, эвакуация қилишни бошлаган.

«Эрталаб соат 6 да бирдан тревога бўлди, телефонлар тинмай жиринглай бошлади. «Туринглар, Жиззах томонга қочинглар, Сардоба ўпирилиб кетибди», деб милиция ходимлари кўчада жар соляпти. Бизнинг уйдан сув омборигача бир километр. Дарров ҳужжатларни олдик-да, кўчага чиқдик. Қарасак, тўполон, ҳамма машинасига ўтириб қочяпти, биз ҳам қўшилиб қочдик. Жуда ҳам қўрқинчли овозда сув бостириб келаётган эди, бизга яқин қолганда машинамиз юрди. Бутун совхоз сув ичида қолди. Мен яшайдиган 1 ва 1А совхозларини тамоман сув босди. Ҳозир ҳамма катта йўлнинг ёқасига чиқиб олган. Бошқа совхозларни эвакуация қилиш давом этмоқда», деди сирдарёликлардан бири.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сирдарё вилояти бўлими мулозими Сардоба сув омбори ўпирилиб кетганини тасдиқлади ва аҳоли эвакуация қилинаётганини қайд этди:

«Ҳа, Сардоба тешилган. Ҳозир йигитларимиз аҳолини эвакуация қилиш билан банд. Қурбон бўлганлар ёки талафотлар ҳақида ҳозир ҳеч қандай маълумот йўқ».

Сув омборига яқин масофада жойлашган Оқ олтин тумани Сардоба шаҳарчаси турғуни аҳоли ваҳимага тушиб қолганини айтади:

«Эрталаб соат 7 да бу хабарни эшитдик. Ҳамма кўчага чиқди. Пули борлар, машинаси борлар кетиб бўлишди. Бирор-бир масъул шахс келиб бизни огоҳлантирмаяпти, эрталабдан буён ҳаммаёққа телефон қиляпман, «илтимос, халқни тинчлантиринглар, кетиш керак бўлса, кетайлик, қолиш керак бўлса, қолайлик. Лекин ҳеч ким келиб айтмаяпти, шунга халқ ваҳимада».

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, сув омбори тўғонининг 200 квадрат метр жойи ўпирилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардоба сув омборидаги фалокат юзасидан шундай хабар тарқатди:

«2020 йил 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада, Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

Мазкур вазият бўйича зудлик билан Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Қўрғонтепа аҳолисини “Бирлик” маҳалласига вақтинча эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, сув босиши ҳавфи мавжуд бўлган аҳоли пунктларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган.
Вазият юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади».

Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтадиган ҳудудда бошланган эди.

2017 йилда қурилиши якунланган гидроиншоотнинг сув сиғими 930 миллион куб метр. Сув омборининг баландлиги эса 28,8 метр.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилишини бошлаган эди.

“Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш 2020-2022 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 21,3 млн еврони ташкил этади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ