Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) раҳбарияти Қирғизистондаги барча томонларни зўравонликлардан тийилишга ва мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Ташкилотга раислик қилувчи Албания номидан берилган баёнотда:
“Албания президентлиги вазият ёмонлашаётганидан хавотир билдиради ва Қирғизистонни бирлашишга чақиради. Биз барча сиёсий раҳбарларни ва Қирғизистон фуқароларини зўравонликлардан тийилишга ва мамлакат барқарорлиги учун ишлашга чақирамиз. «
Баёнотда таъкидланишича, ЕХҲТ Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатишда давом этмоқда.
Қирғизистон ЕХҲТ билан ҳамкорликни 28 йил олдин бошлаган. Ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар навбат билан раислик қилишади.
4-октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланди. Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилди. Президент мамлакатда вазият барқарорлашса, истеъфога чиқишга тайёрлигини айтди. 9-октябрь куни Бишкекда тартибсизликлар бошланиб, одамлар жароҳат олишди. 6-октабрга ўтар кечаси намойишчилар президент девони ва парламент биносига бостириб киришди. Ўша куни тунда бир намойишчи ҳалок бўлди.