Ўшда 3 чақалоқ ВИЧ-инфекцияси билан туғилган

Йил бошидан бери Ўш вилоятида 3 та чақалоқдан  ВИЧ-инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда Ўш вилояти СПИДга қарши кураш маркази ташкилий бўлим бошлиғи Сабирбек Ташпўлўтов маълум қилди.

СПИДга қарши курашиш бўйича Республика марказининг расмий маълумотларига кўра, 2020-йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Қирғизистонда ВИЧ-инфекцияси билан касалланган 9535 киши рўйхатга олинган. ВИЧ-инфекцияси мамлакатнинг барча минтақаларида қайд этилган. Энг кўп рўйхатга олинган ҳудудларга – Бишкек ва Ўш шаҳарлари, Ўш, Чуй ва Жалолобод вилоятлари киради.

С. Ташпўлўтовнинг сўзларига кўра, Бишкекда 2012, Ўшда 1174 киши, Ўш вилоятида 1564 киши, Чуйда 2819 киши ва Жалолободда 1081 киши ВИЧ-инфекциясини юқтириб олган. Энг кам қайд қилинган ҳудудларга Баткен (245 киши), Иссиқкўл (310 киши), Норин (189 киши) ва Талас (141 киши) вилоятлари киради.

ВИЧ-инфекцияси Ўш вилоятининг барча туманларида қайд этилган. 2020-йилнинг 1-август ҳолатига ушбу минтақада ВИЧ-инфекцияси билан касалланганлар сони:

– Қорасувда 887;

– Новқатда 326;

– Олойда, 60;

– Ўзганда 176;

– Аравонда 51;

– Қорақулжада 58;

– Чўнг-Олойда 6 киши.

Жорий йилнинг 7 ойи давомида Ўш вилояти ва Ўш шаҳрида ВИЧ-инфекциясига чалинган 55 киши рўйхатга олинган. Ўтган 2019 йилнинг 7 ойида 77 фуқаро рўйхатга олинган. Ўш вилоятида ва Ўш шаҳрида олиб борилган профилактика ишлари натижасида ВИЧ-инфекцияси билан боғлиқ вазият барқарорлашаётгани кузатилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида ВИЧ-инфекцияси катта ёшдаги қизлар ва меҳнатга лаёқатли одамларда учрайди. Шу сабабдан, ВИЧ-инфекциясини юқтирган оналардан болалар туғилмоқда. Ҳозирги кунда ВИЧ-инфекциясини юқтирган 2738 кишининг 1053 нафари ёки 38,4 фоизи аёллардир. ВИЧ-инфекциясини юқтирган аёлларнинг деярли ярми (48,6 фоиз) 20 дан 29 ёшгилар бўлиб ҳисобланади.

Бу йил Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида ВИЧга чалинган 3 бола туғилган: Ўш шаҳрида – 1, Қорасувда – 1 ва Олойда – 1. Сабаби уларнинг оналари ҳомиладорлик пайтида профилактика чораларини ўз вақтида қабул қилмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ