Коронавирус даврида Қирғизистон ҳукумати сўз эркинлигини чекламоқда

Қирғизистонда президент аппарати 14-апрелда коронавирусга қарши республика штаби ва ҳудудлардаги комендатуралар оммавий аxборот воситалари билан ишлаш шаклини қайта кўриб чиқиш таклифини киритди.

Бунга қадар Қирғизистоннинг кўплаб ҳудудларида фавқулодда холат эълон қилиниб, турли ишxоналар билан бирга журналистларнинг фаолияти ҳам чекланган эди. Расмийлар буни касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсади билан изоҳлаган.

Медиа Полиси Институти деган ноҳукумат ташкилот назарида комендантнинг ҳаракати конституция меъёрларига тўғри келмайди.

“Қирғизистоннинг фавқулодда холат ва фавқулодда вазият эълон қилинган ҳудудларида бир қатор чекловлар кўрсатилган. Аммо Фавқулодда вазият бўйича конституцияда кўрсатилган қонунни кўриб чиқсак, унда ОАВ ёки журналистларнинг фаолиятига қандайдир таъқиқ ёки чекловлар киритишни кўрмадик. Лекин шунга қарамай, ҳозирги вақтда нодавлат оммавий аxборот воситаларига ўз фаолиятини эркин олиб бориш учун комендатура тарафидан шароит яратилмаяпти. Қонунда фавқулодда холат вақтида комендант журналистлар учун маxсус аккредитация йўриқларини ишлаб чиқиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ ҳозиргача бундай маxсус қоидалар кўрсатилмаган. Журналистлар, афсуски, ўз фаолиятларини эркин ва етарли даражда бажара олмаяпти”, — дейди ташкилот юристи Алтинай Исаева.

Журналистлар фавқулодда вазиятда эркин ишлай олиши зарур деб ҳисоблаган Қирғизистон медиа ҳамжамияти ОАВ учун фавқулодда вазият вақтида аxборот олиш ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги Бишкек комендантининг қарори бўйича давлат президентига, ҳукуматга ҳамда парламентга мурожаат йўллаган.

“Афсуски, комендант кўплаб оммавий аxборот воситаларини аккредитациядан ўтказмади. Фақатгина икки давлат телеканалига руҳсат берилди. Албатта, бу аҳолининг маълумот олиш ҳуқуқига берилган катта зарба бўлди. ОАВ ҳозир ўз вазифасини тўлиқ бажариш имконига эга эмас. Журналистлар воқеа жойига бора олмайди, интервью олиш қийинлашган, таҳририятга бориб видео лавҳаларни тайёрлай олмайди. Уйда ўтириб тайёрланган лавҳалар эса доим ҳам етарли бўлмайди. Барча аxборотни биргина расмий манбадан, яъни брифинглар хамда расмий матбуот анжуманларидан олиш мумкин эмас. Табиийки, бу етарли эмас. Чунки аҳоли хаётида ёки давлат иқтисодида нималар юз бераётганини тушуниш учун журналистлар мустақил аxборот олиш имконига эга бўлиши керак. Шунинг учун иккинчи бор медиа ҳамжамият ва турли матбуот саҳифаларида хукуматга журналистларнинг фаолиятини чекламаслик бўйича мурожаат эълон қилинган. Биз ҳам буни қўллаймиз”, — дейди “Интерньюс Қирғизистон” ташкилотининг директори Элина Қарақулова.

Мутаxассислар журналистларнинг фаолияти чекланиши ортидан ижтимоий тармоқларда ёлғон ва тасдиқланмаган маълумотларнинг кўпайганини ва бунинг олдини олиш учун расмий маълумотларни кўпайтириш зарурлигини айтмоқда.

“Бугунги кунда ҳукм сураётган фавқулодда холат вазиятида мустақил оммавий аxборот воситаларининг чекланиши мамлакатдаги аxборот xавфсизлигига шикаст етказади. Сабаби ҳар куни давлат расмий идоралари бераётган маълумотлар бир ёқлама бўлиб қолмоқда. Ижтимоий тармоқлар, норасмий маълумот манбаларида эса республиканинг турли бурчакларида давлат расмийлари айтаётгандан бир неча бор кўпроқ инсон коронавирусга чалингани, уларга кўрсатилаётган ёрдамлар суст эканлиги ҳақидаги ёлғон маълумотлар тарқатиляпти. Давлат xавфсизлик идоралари эса ёлғон маълумот тарқатаётган инсонларни қўлга олиб, уларни жавобгарликка тортиш билан чекланяпти. Аммо республикадаги маълумот xавфсизлигини таъминлашга шошилмаяпти”, — дейди мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов.

Президент Сўўрўнбай Жеенбеков 14-апрелда қўл қўйган фармонга кўра, мамлакатнинг бир қатор йирик шаҳарлари ҳамда коронавирус аниқланган туманларида фавқулодда холат тартиби 2020-йилнинг 30-апрелигача узайтирилди.

Бу ҳудудларда 25-мартдан бери фавқулодда холат режими жорий қилинган. Фуқароларга 20:00 дан 07:00 гача ҳаракатланиш тақиқланиб, кундузлари эса дориxона, озиq-овқат дўкони ва шифоxонага бориш учунгина уйдан чиқишга руxсат берилган. Дастлабки қарорга кўра, фавқулодда холат режими 2020-йилнинг 15-апрелигача амал қилиши керак эди.

Даврон Ҳотам

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ