Қамоқда вафот этган ҳуқуқбон Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилди

Қирғизистон қамоқхонасида вафот этган ҳуқуқбон Азимжон Асқаров, 31 июль куни Тошкентда дафн этилди.

Марҳумнинг ўғли Шерзод Асқаровнинг айтишича, отаси пешиндан сўнг, Тошкентдаги  “Дархон ота” қабристонига ерга берилган.

“Дадамни бугун тонгда Ўшдан Тошкентга олиб келдик ва пешиндан кейин қабрга қўйдик”, дейди Шерзод.

Унинг сўзларига кўра, Азимжон Асқаров оиласига, вафот этган тақдирда, жасадини Ўзбекистонга олиб кетишни ва ўша ерда дафн қилишни васият қилган. 

Шунингдек, Шерзод Асқаров отасини Ўзбекистонга олиб келишда ёрдам берган барча ташкилот ва инсонларга миннатдорчилигини билдирди.

“Бизга ёрдам берганларга, жумладан Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги, элчихона ходимларига оиламиз номидан минадорчилик билдирамиз”, дейди Шерзод Асқаров.

Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеаларга алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқбон Азимжон Асқаров шу йилнинг 25 июль куни, Бишкекдаги қамоқхонада вафот этган.

Тиббий хулосада марҳум ҳуқуқбон «ўпканинг тўлиқ икки томонлама зотилжамга учрагани» ёзилган.

Азимжон Асқаровнинг жасади, 30 июль куни яқинларига берилган ва бугун тонг сахарда пойтахт Бишкекдан Ўшга олиб келинган. Марҳум рафиқаси билан “Дўстлик”  чегарасига келган Ҳадича Асқарованинг БиБиСига айтишича, у Тошкентда Азимжон Асқаров дафн қилинганидан сўнг, уч ўтиб Қирғизистонга қайтади ва қамоқхонадан турмуш ўртоғининг буюмларини олади.

“Ҳали Азимжон акези қамоқхонадаги буюмларини олмадим. Тошкентдан қайтгандан кейин, ўтирган 19 қамохонасига бориб, ўша ердагиларга эхсон қилиб, кейин буюмларини олиб келаман”, дейди Ҳадича Асқарова биз билан суҳбатда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Азимжон Асқаровнинг рафиқаси, ўғли ва бошқа оила аъзоларининг унинг Ўзбекистон ҳудудида дафн этилиши ҳақидаги мурожаатига биноан Қирғизистон томони билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилган.

Ўзаро музокаралар натижаси бўйича Азимжон Асқаров оила аъзоларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг талабларини қаноатлантириш юзасидан келишувга эришилган ва бугун “Дўстлик” ўзбек-қирғиз чегарасидан жасад солинган тобутни махсус мошинада Тошкентда етказилган

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматидан ўзбек фаоли Азимжон Асқаров ўлими юзасидан шаффоф тергов ўтказилишини талаб қилиб, махсус баёнотлар билан чиқишмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ