Қирғизистонда порахўрликка қарши курашган чегарачи тўсатдан вафот этди

Қирғизистон Давлат чегара хизмати подполковниги Талғат Аланов идора ичидаги порахўрликка қарши курашиш ҳаракатлари билан машҳур бўлган. У 21 июл куни кутилмаганда вафот этди.

Алановнинг қариндошлари журналистларга 21-июл куни 38 ёшли чегарачининг тўсатдан касал бўлиб қолганини айтишган. Уни касалхонага олиб кетаётганда, йўлда вафот этган. Ўлим сабаби ҳозирча номаълум. Дастлабки ташхис юрак ҳуружи. Аланов таътилда Ўш вилояти, Қорасув тумани, Қаратай қишлоғида отасининг уйида бўлган.

2019 йилнинг 27-ноябр куни Давлат чегара хизматининг Ўш вилояти бошқармаси чегара назорати ва ташкилий ишлар бўлими катта ходими бўлиб ишлаган Талғат Аланов махсус матбуот анжуманини ўтказиб, унда чегарадаги порахўрлик ҳақида гапирган. Алановнинг сўзларига кўра, ҳатто хизматининг бошида унга турли фирибгарликларда иштирок этиш таклиф қилинган. Кейинчалик у пора олишнинг кўплаб схемалари ҳақида маълумотга эга бўлган. Чегара хизмати бунга жавобан офицер ахлоқий меъёр ва қоидаларни бузганлигини маълум қилган. Раҳбарият фикрига кўра, Аланов ўз шикоятларини ОАВга эмас, балки прокуратурага топшириши керак эди.

2019 йилнинг декабрь ойида Талғат Аланов телефон орқали таҳдидлар бўлаётганини айтган. Яширин рақамлардан номаълум одамлар унга қўнғироқ қила бошлаган ва у «ёқолиб қолиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирган. Кейинчалик беш нафар ҳамкасблари Алановни шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун судга беришган. Даъвони кўриб чиқиш март ойида бошланган, аммо ўз вақтида тугатилмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ