Бишкекда бир қатор чекловлар жорий қилинди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда янги иш тартиби жорий қилинмоқда. Бу ҳақда 1 июль куни Бишкек мэри Азиз Сурақматов маълум қилди.

Унга кўра, троллейбуслар, автобуслар, йўналишли таксилар бегим кунлари соат 07:00 дан 10:00 гача ҳамда соат 17:00 дан 21:00 гача ишлайди. Шанба ва якшанба кунлари эса жамоат транспорти қатнамайди.

Кафе, ресторан ва умумий овқатланиш шохобчалари соат 08:00 дан 20:00 гача, супермаркетлар соат 07:00 дан 19:00 гача, бозорлар эса соат 06:00 дан 17:00 гача ишлайди.

Бундан ташқари, велосипедларни ижара бериш нуқталари, болалар майдончалари, футбол ва ўйин майдонлари иши тўхтатилади. Тўйхона, тунги клуб ва барлар, кўнгилочар жойлари ҳам, ташрифчилар сони қанча бўлишидан қатъи назар, вақтинча ёпилади. Қайд этилишича, бу тартибни бузганлар электр ва сув таъминотидан узиб қўйилади.

Мэрия боғ, хиёбон, майдон ҳамда одамлар кўп тўпланадиган ва ҳордиқ чиқарадиган бошқа жойларга ҳам ташрифни чеклаган ва ватандошларни карантин тартибига риоя қилишга чақирган.

Сўнгги кеча-кундузда Қирғизистонда тожливирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 439 та ҳолат аниқланган, булардан 195 таси Бишкекка тўғри келган. Пойтахтда эпидемиологик вазият оғирлигича қолмоқда.

Қирғизистонда тожливирусга чалинганларнинг умумий сони 6261 нафарга етган. Беморлардан 2530 нафари зарур муолажалардан кейин соғайиб кетган, 66 киши оламдан ўтган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ