Қирғизистон Ўзбекистон чегарачиларига эътироз билдирди

Қадамжой тумани Чечме қишлоғида 24 июнь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари вакиллари учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон чегарачиларининг Сўх тумани Чашма қишлоғидаги булоқ олдида топографик ишларни олиб боргани учрашувга сабаб бўлган.

Қирғизистон томони чегара ҳудудининг мазкур қисмида ҳар қандай тадбирлар ўзаро келишилган ҳолда олиб борилиши лозимлиги тўғрисида Ўзбекистон томонига эътироз билдирган.

“Ўзбекистон томони бу эътирозни қабул қилди ва бундан буён чегарада ўтказиладиган ҳар қандай ишлар юзасидан аввалдан ахборот алмашинишга ва розилик олишга келишиб олинди”,-дейилади расмий хабарда.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи аҳли ўртасида булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ