Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун борган 250 дан зиёд Қирғизистон фуқароси ватанига қайта олмаяпти. Улар аввалроқ фирибгарликда гумонланган «Нур Умра Трэвел» турфирмаси орқали сафарга чиққан. Қирғизистон муфтияти зиёратчиларни қайтариш учун махсус комиссия тузган.
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси вакили Абдулазиз Туташпаевнинг маълум қилишича, ҳозирда зиёратчиларнинг вазияти назоратга олинган. Муаммони ҳал қилиш учун махсус комиссия ташкил этилган.
Муфтият ва Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи қирғизистонликлар кўмагида ватанига қайта олмаётган фуқаролар вақтинча турар жой билан таъминланган.
Туташпаевнинг сўзларига кўра, зиёратчиларни Қирғизистонга қайтариш учун авиачипталар сотиб олиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Муфтият уларнинг қайтишини яқин икки кун ичида ташкил этишни режалаштирган.
Муаммо «Нур Умра Трэвел» компанияси билан боғлиқ можаронинг давоми ҳисобланади. Ноябр ойи ўрталарида Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун йўл олган 104 нафар Қирғизистон фуқароси Тошкентда қолиб кетгани маълум бўлган.
Зиёратчилар туроператор сафарни давом эттириш учун улардан қўшимча ҳақ талаб қилаётганидан шикоят қилишган.
Ушбу воқеадан сўнг Қирғизистон муфтияти фуқароларга Умра сафарига қўшни давлатлар орқали транзит билан эмас, балки Бишкек ва Ўш шаҳарларидан тўғридан-тўғри авиарейслар орқали боришни тавсия қилган.
Турфирма раҳбари Мирзат Кошоевага Тошкентга бориб, муаммони жойида ҳал қилиш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ кейинчалик у Бишкекда фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Шундан сўнг Қирғизистон ҳукумати «Нур Умра Трэвел» компаниясининг 2026–2027 йиллар мавсумида умра сафарларини ташкил этиш лицензиясини бекор қилган.
Қирғизистон муфтияти ноябр-декабр ойларида Умра зиёратига борувчилар сони кескин ошишини таъкидлаб, фуқароларни туроператорлар таклиф қилаётган ҳужжатлар ва сафар шартларини синчковлик билан текширишга чақирган.
Муфтият, шунингдек, сафарга чиқишдан олдин кутилмаган ҳолатларда ватанига қайтиш қандай ташкил этилишини аниқлаштириб олишни тавсия қилган.