Қирғизистонда Ҳаж сафари нархи 5800 доллар этиб белгиланди

2027 йилда Ҳаж сафарига бориш нархи 5800 АҚШ долларини ташкил этади. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси маълум қилди.

Янги нарх ўтган йилги кўрсаткичдан 1150 долларга қиммат. 2026 йилда бир киши учун Ҳаж сафари нархи 4650 доллар бўлган.

Дин бошқармаси нарх ошишини келаси йилдан бошлаб ҳожиларга аввалгидек бепул меҳмонхоналар берилмаслиги билан изоҳлади.

Маккадаги вақф муассасалари аввал Қирғизистондан келган ҳожилар учун меҳмонхоналарни бепул ажратиб келган. Бироқ улар шаҳарнинг турли ҳудудларида жойлашгани сабабли ҳожиларни бир жойда жамлаш ва уларга хизмат кўрсатишда қийинчиликлар юзага келган.

Маълум қилинишича, аввалги тизимда 14 та меҳмонхона тўрт-бешта алоҳида ҳудудга бўлинган бўлиб, ҳар бирида 200 нафардан 500 нафаргача одам жойлашган. Бу ҳолат ҳожиларга бир хил даражада хизмат кўрсатиш, ташкилий ишларни мувофиқлаштириш ва зарур пайтда ёрдам беришни қийинлаштирган.

Меҳмонхоналарнинг шароити ҳам талабларга тўлиқ жавоб бермаган. Шунингдек, айрим ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар пайдо бўлган.

Шу сабабли ҳожиларни келгуси йилдан бошлаб пуллик меҳмонхоналарга жойлаштиришга қарор қилинган.

Дин бошқармасига кўра, янги тартиб ҳожиларни бир ҳудудда жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва зарур ёрдамни тезкор ташкил этиш имконини беради.

2027 йилги Ҳаж сафари учун Қирғизистонга 6060 ўрин ажратилган. 2026 йилда ҳам мамлакатдан 6060 нафар киши Ҳаж зиёратини амалга оширган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ