Бишкекда троллейбуслар ўрнига электр автобуслари қўйилиши мумкин

Пойтахтдаги троллейбуслар тизими Ўш, Қора-Болта ва Тўқмоқ шаҳарларига кўчирилади.   

Бишкекда троллейбуслар электробусларга алмашиши мумкин. Бу ҳақда фаоллар Бишкек мэриясининг хатига ҳавола қилиб хабар бермоқда.

Бишкек мэрияси Транспорт департаментидан келган расмий жавобга кўпа, шаҳар троллейбуслар тизимини Ўш, Қора-Болта ва Тўқмоқ шаҳарларига кўчиришни кўриб чиқмоқда.

Хатда айтилишича, троллейбусларнинг хизмат муддати аллақачон тугаган. “Ушбу эскирган троллейбуслар ўрнига узоқроқ хизмат диапазонига эга янги контактсиз троллейбусларни сотиб олиш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади пойтахт мэриясининг фаолларга жавобида.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) орқали 120 та экологик тоза электробуслар харид қилиш режалаштирилган.

Фаоллар, ўз навбатида, троллейбусларни электр автобусларга алмаштириш ғоясига қарши чиқмоқда. Уларнинг асосий эътирози электробуслар аккумуляторларидаги заҳарли моддаларга тааллуқли. «Бу аккумуляторларни Қирғизистонда қайта ишлаш ёки утилизация қилиш имкони йўқлиги ушбу турдаги транспортнинг экологик тозалиги борасида савол туғдиради», деб ҳисоблайди фаоллар.

Мэриянинг троллейбусларни электробусларга алмаштириш режасига Бишкек шаҳар кенгаши депутати Қодирбек Атамбаев ҳам қарши чиқмоқда. Унинг фикрича, Европада сотиб олинадиган троллейбуслар электробусларга қараганда шаҳар бюджетига деярли тўрт баравар арзонроққа тушади.

Илк электробуслар 2024 йилнинг биринчи ярмида пойтахтга келиши режалаштирилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ