«Дўстлик» чегарасида келинлар Ўзбекистонга ўтолмай сарсон бўлмоқда

Ўзбекистонга келин бўлиб тушганига 20 йилдан ошган бўлса ҳам бу давлат фуқаролигини ололмаган Қирғизистонлик келинлар ҳар икки ойда чегарадан ўтиб, паспортларига «кирди-чиқди» муҳрини бостиришга мажбур бўлади.

Улар учун коронавирус ортидан эълон қилинган карантин ҳам қўшимча муаммоларни пайдо қилган.

Дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавирус сабаб, март ойининг ўрталарида Қирғизистон билан Ўзбекистон чегаралари ҳам ёпилган.

Чегаралар ёпилар экан, икки давлат ҳудудларида қолиб кетган ватандошлар ўз юртларига қайтишни истайди.

Ўш шаҳри яқинидаги «Дўстлик» чегарасида йигирмага яқин аёллар Ўзбекистонга ўтиш илинжида бир неча кундан бери турганини айтади.

Мубассар опа: Қаровсиз бинода кутиб ётибман

Мубассар опа Ўш вилоятининг Қорасув шаҳридан Андижоннинг Қўрғонтепа туманига сал кам 30 йил аввал келин бўлиб тушган, бироқ хануз Ўзбекистон фуқаролигини ололмаган. У 16 мартда Ўшга келган, аммо шу куни чегаралар ёпилиши ортидан Ўзбекистонга қайта олмаган. 4-5 кундан бери «Дўстлик» чегараси яқинида тунамоқда.

«Ўшга 16 март куни келганман, шу бўйича карантин деб Ўзбекистонга ўтказмаяпти. Бола чақаларимиз, уйларимизни соғиндик. Ўзбекистонга қўнғироқ қилсак, Қирғизистонга қўнғироқ қилинглар дейди, бу ерга қилсак, ўзинглар ҳал қилинглар дейди. Тўрт кундан бери сарсон бўлиб чегарада ўтирибмиз. Сизлардан илтимос, бизларни Ўзбекистонга ўтказиб юборинглар», дея йиғлайди 56 ёшли Мубассар Каримова.

Онахоннинг сўзларига кўра, чегара яқинида ўтирган аёллардан ҳеч ким хабар олмаган. Улар аввалига чегара яқинидаги уйларда ҳақ тўлаб тунашган. Бор пулларини ҳам сарфлаб бўлгандан кейин, энди қаровсиз бинода тунашга мажбур бўлмоқда.

«Бизни айбимиз Қирғизистон фуқароси бўлганимизми? Шунчалар хормизми? Жуда хор бўлиб кетдик», дея хўрсинади онахон.

Ўзбекистонга келин бўлиб тушганига 20 йилдан ошган бўлса ҳам бу давлат фуқаролигини ололмаган Қирғизистонлик келинлар ҳар икки ойда чегарадан ўтиб, паспортларига «кирди-чиқди» муҳрини бостиришга мажбур бўлади. Улар учун коронавирус ортидан эълон қилинган карантин ҳам қўшимча муаммоларни пайдо қилган.

Гулчеҳра: Болаларим қаровсиз қолиб кетди

Гулчеҳра: Болаларим қаровсиз қолиб кетди
Image captionГулчеҳра: Болаларим қаровсиз қолиб кетди

Гулчеҳра опа ҳам Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан Андижоннинг Қўрғонтепа туманига 20 йил аввал келин бўлиб тушган. У ҳам Ўзбекистон фуқаролигига эга эмас. 14 мартда ўз она-онасининг уйига келган Гулчеҳра опа, 16 мартда чегаралар ёпилиши ортидан Ўзбекистонга қайта олмаган. Уйда қаровсиз қолган фарзандлари, хаста ўғлидан хавотир олган онахон ҳам ўз уйига кетиш илинжида, аёллар билан 4-5 кундан бери «Дўстлик» чегараси яқинида тунамоқда.

«Фарзандларимизни икки ойдан бери кўрмаяпмиз. Хўжайним ҳам Россияда. Уйда фарзандларимни қарагани эрим ёки мен йўқ. Улар қаровсиз қолиб кетди. Қийналишиб, йиғлашаяпти, қачон келасиз деб. Битта болам сариқ бўлган, уни қарашим керак. Даволаниши керак. Қандоқ қилиб ўтамиз, билмайман. Президентларимиздан илтимос қиламиз, келинларга шароит яратиб берсин. Илтимос, чегарадан келинларни ўтказиб юборинглар. Энадан болани айирманг! Биз учун имконият беринглар. Хор бўлиб кетдик. Фарзандларимизни соғиндик», дея йиғлайди Гулчеҳра Ибайдуллаева.

Ўзбекистон коронавирус пандемияси бошлангандан бери ҳориж ва қўшни давлатлардан ўз фуқароларини олиб келиб, 14 кунлик карантинга ётқизмоқда.

«Дўстлик» чегарасидан ҳам кун ора Қирғизистон ҳудудида қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари ўтаётгани айтилмоқда.

Гулбаҳор: Ўғлимни ўтказишмаяпти

Чегарада сарсонлар
Image captionЧегарада сарсонлар

Бироқ Фарғонанинг Чимёнидан Қирғизистоннинг Жалолобад вилоятига келин бўлиб келган Гулбаҳор Мирзаева Ўзбекистон фуқаролиги бўлса ҳам чегарадан ўтаолмаётганини айтади.

«23 февралда Қирғизистонга келганман. Ўзбекистонга қайтишим керак. Ҳар икки ойда черагадан ўтаман. Ўғлим Қирғизистон фуқароси. Уни ўтказмаяпти. Ўғлимни қаерга, кимга ташлайман. Уйим йўқ, квартирада яшайман. Мен бу ерда оч қолдим, карантинда. Ўзбекистонга ўтиб кетишим керак, ўғлим билан. Чегарадан болангсиз ўтасан деяпти. Ўғлимни ҳеч кимга бермайман. Ўғлимни олиб ўтиб кетишга ёрдам беринглар, илтимос. Бош вазир билан гаплаш дейишаяпти, мен у билан қандай гаплашаман. Ўзлари ҳал қилса бўладию. Барчамиз мусулмонмиз-ку» дея нола қилади суҳбатдош.

У ҳам 3 кундан бери чегара яқинидаги уйларда тунаётганини, пул ва озиқ-овқати ҳам қолмаганини, тезроқ Ўзбекистонга, ўз-ота онасининг уйига боришни истаётганини айтади.

Бугунги кунда «Дўстлик» ўзбек қирғиз чегараси расман ёпиқ. Фақат Ўзбекистон фуқароларини ва оғир юк машиналарини ўтказмоқда.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ