Қирғизистонда депутатлар мустақил равишда ГЭС қуришга чақиришди

Қирғизистонда депутат Умбетали Қадиралиев парламентнинг бюджет ва молия қўмитаси мажлисида ҳукуматига мурожаат қилиб Қамбарота-2 ГЭСи иккинчи гидроагрегатини қуриш ва ишга тушириш лойиҳаси учун ички манбалардан молия қидиришга чақирди.

Депутатлар бу лойиҳани молиялаштириш учун Евроосиё тараққиёт ва барқарорлаштириш жамғармасидан инвестицион кредит тақдим қилиш борасидаги Битимни муҳокама қилдилар. Мазкур Битимга 2017 йилда эришилган эди.

«ГЭС лойиҳалари Қирғизистон учун мақбул, аммо бошқа давлатлар учун номақбул, бу геосиёсий масала. Шу сабабли биз ҳеч қачон лойиҳа учун маблағ ололмаймиз. Эслаб кўринг, Юқори Норин ГЭС каскади билан нима бўлган эди. Шу сабабли бу лойиҳага уч йил бўлди, аммо ваъда берилган пулллар ҳамон йўқ. Бу лойиҳа учун бизга ҳеч қачон пул беришмайди, ҳатто Евросиё банки ҳам. Бошқа манбаларни излаш керак, Қирғизистоннинг ўзи ГЭСни қуриши керак», -деди Қадиралиев.

Унинг гапини бошқа депутатлар ҳам қўллаб-қувватлади. Улар ҳукуматга агар 2020 йил давомида пул келиб тушмайдиган бўлса у ҳолда юқоридаги Битимдан воз кечишни топширишди.

Евроосиё тараққиёт ва барқарорлаштириш жамғармаси билан эришилган Битим шартларига кўра, Қамбарота ГЭСи иккинчи гидоагрегати қуриш ва фойдаланишга топширишдан ташқари очиқ тақсимлаш қурилмасини ҳам бунёд этишни кўзда тутади. Евроосиё тараққиёт банки5 йиллик 1%лик имтиёз билан 20 йил муддатга 110 млн доллар ажратади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ