Қирғизистонда Россиянинг «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилгани латвиялик ҳамкор талаби билан изоҳланди

Қирғизистонда Россиянинг «Мир» банк карталарига хизмат кўрсатиш Банклараро процессинг маркази (БПМ) фаолиятини қўллаб-қувватловчи Латвия компанияси талабига кўра тўхтатилган. Бу ҳақда 4 апрель куни Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеш йиғилишида Бош вазир Ақилбек Жапаров маълум қилди, деб ёзади Kaktus.Media.

«Афсуски, Банклараро процессинг марказининг дастурий таъминоти ва хизматлари Латвия компанияси томонидан тақдим этилади. Компания «Мир» картаси билан ўзаро алоқалар тўхтатилмаса, БПМни ўчириб қўйиши ҳақида хат юборди. Шунинг учун биз уни вақтинча тўхтатиб қўйдик», — дея тушунтирди Жапаров. Ва у қўшимча қилди: «Бизда бу ерда айтиб бўлмайдиган бир қатор механизмлар ва ҳаракатлар мавжуд».

Бош вазир Қирғизистон ва Россия ягона иқтисодий маконда эканини эслатиб, «биз ҳар йили мигрантлардан 2,5 миллиард доллар оламиз», деди.

«Ғарбдаги шерикларимиз бу ҳақда билишади. Апрель ойида Вашингтонда қатор учрашувларим бор, у ерда ҳам Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий муносабатларимизни бутунлай тўхтата олмаслигимизни тушунтиришга ҳаракат қиламан», — деди Жапаров.

Унинг қайд этишича, ўтган йили Россиядан келган сайёҳларнинг атиги 4 фоизигина «Мир» карталаридан фойдаланган.

«У [Россия] бизнинг стратегик ҳамкоримиз, аммо, афсуски, санкцияларга дучор бўладиган компаниялар бизнинг пул тизимимизга таҳдид солади. Биз жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишимиз керак. Энди Арманистон ҳам уни ўчириб қўйди, Қозоғистонда БПМ йўқ, битта банк уни киритди ва тезда уни рад этди. Биз ЕОИИ доирасида йиғилиб, ўйлаб кўрамиз», — деб ишонтирди Жапаров.

ℹ️ Банклараро процессинг маркази Қирғизистон тижорат банкларига хизмат кўрсатади, «Элкарт» миллий тўлов тизимининг ягона оператори ва халқаро чип карталарини чиқарадиган процессинг маркази ҳисобланади. У 2004 йили мамлакат Миллий банки ва 11 тижорат банкининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини жорий этиш ва уларни самарали амалга ошириш учун инфратузилмани яратиш мақсадида ташкил этилган. БПМ 3 апрель куни «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилганини эълон қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ