Президент Қамчибек Ташиев соқчиларини кўпайтирди

Бу Қирғизистонда уюшган жиноятчиликка қарши бошланган кураш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Президент Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни янада кучлироқ қўриқлашни буюрган. Бу маълумотни Озодликка президентнинг матбуот котиби Аскат Алагозов тасдиқлади.

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси томонидан қилинаётган ишлар инобатга олиниб, унинг хавфсизлигини таъминлаш тизими янада кучайтирилди”, дейди Аскат Алагозов.
Маҳаллий ОАВ таҳмин қилишича, бу чоралар Қирғизистонда уюшган жиноятчиликка қарши бошланган кураш билан боғлиқ.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

Қамчибек ўлимидан сўнг Қирғизистонда унинг уюшган жиноий гуруҳига алоқадорликда гумон қилиниб, ўнлаб кишилар қўлга олинган, баъзилари қидирувга берилган. Улар орасида бир қанча йирик тадбиркор ва собиқ амалдорлар ҳам бор.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев бу лавозимга 2020 йилда тайинланган эди. У президент Садир Жапаровнинг яқин сафдоши ҳисобланади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ