БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистонда музокара ўтказди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 16 ноябрда БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси раҳбари Роза Ўтунбаева билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўз Телеграм каналида хабар берди.

Расман билдирилишича, учрашувда “Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, ушбу мамлакат миллий иқтисодиётини тиклаш ва турли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик” масалалари муҳокама этилган.

Ўзбекистон халқаро миқёсда тан олинмаган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг Ўзбекистон Афғонистонга бир неча марта инсонпарварлик ёрдамлари жўнатди. Расмий Тошкент вакилларидан иборат қатор делегациялар Кобулда Толибон ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Ўтунбаеванинг Тошкентга ташрифидан аввалроқ Афғонистонда қурилаётган “Қўштепа” канали юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонда ҳукумат делегацияси тузилаётгани ва у йил охиригача Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашиши ҳақида хабар қилинган эди.

Tolo news Афғонистонда 11 октябрь куни “Қўштепа” канали қурилишининг иккинчи босқичига тантанали равишда старт берилгани ҳақида ёзган эди.

Озодлик жорий йилнинг март ойида “Толибоннинг «ҳалокатли канали». Ўзбекистон нега жим?” сарлавҳали мақола ва видеоматериални эълон қилган. Унда мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув захираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Роза Ўтунбаева Қирғизистоннинг учинчи президентидир. У 2010 йил ёзидан 2011 йилнинг декабригача Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаган. Ўтунбаева 2022 йил 3 сентябрдан БМТ бош котибининг махсус вакили сифатида иш бошлаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ