Гулноранинг пулини олишга юборилган «чопар» Ҳонг Конгда қамоққа олинди

Озодликка бир-биридан мустақил тўрт манбадан келган хабарга кўра¸ Рустам Мадумаров бир ой олдин яна қамоққа олинган. Фақат бу гал Тошкент эмас¸ ундан беш минг километрча олисдаги Ҳонг Конгда.

2000-йилларда «Дадо» ансамбли солисти бўлган 46 яшар Рустам Мадумаров марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг узоқ йиллик партнëри¸ унинг собиқ эри.

У Гулнора Каримовага нисбатан давом этаëтган халқаро терговлардаги муҳим шахс.

Рустам Мадумаров Ўзбекистон Бош прокуратураси эълон қилган расмий маълумотга кўра¸ 2014 йил февралида қамоққа олинган.

Бош прокуратура Мадумаровни Гулнора Каримова аъзоси бўлган “уюшган жиноий гуруҳ” раҳбари деб эълон қилган. Мадумаров 2014 йил 24 май куни Ҳарбий суднинг ëпиқ мажлисида “узоқ йиллик” қамоққа ҳукм қилинган.

Фақат бу «узоқ йил»нинг айнан неча йиллиги айтилмаган. Рустам Мадумаровнинг қамоқ жазосини ўтаб бўлган-бўлмагани ҳақида расмий хабар йўқ.

Мадумаров ҳақидаги сўнгги расмий маълумот Британия прокуратурасига оид. Унга кўра¸ 2020 йил декабрида Рустам Мадумаров Ўзбекистонда ҳамон қамоқ жазосини ўтаëтган бўлган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги манбалари Рустам Мадумаровнинг белгиланган қамоқ муддатини ўтаб¸ шу йил бошида озодликка чиққанини билдирди.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор манбаларнинг Озодликка маълум қилишича¸ шу йил октябрь ойининг илк кунида Рустам Мадумаров Ҳонг Конгда қамоққа олинган.

Ўзбек қамоғидан чиққанига кўп бўлмаган Мадумаров Ҳонг Конгга ўз хоҳиши билан эмас¸ балки Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматидаги юқори лавозимли расмийлар буйруғи билан борган.

Унга Гулнора Каримовага алоқадор банк ҳисобидаги пулларни бошқа хусусий ҳисобларга ўтказиш миссияси юклатилган. Ҳонг Конгга Мадумаров ДХХнинг икки офицери ҳамроҳлигида Хитой ҳудуди орқали борган. У Хитой тасарруфидаги махсус маъмурий ҳудуд сифатида ўз қонунчилигига эга Ҳонг Конгга кириши билан қамоққа олинган.

“Аэропортда ушлашган. Ëнида борган икки ДХХчи Рустам ушланиши билан ўзларини уни танимасликка олиб¸ чиқиб кетган. Мадумаров Ҳонг Конгда пул ювиш билан шуғулланганликда айбланмоқда. Аввалига уни гаров пули тўлаб¸ олиб чиқаришга уринишди. Аммо Ҳонг Конг тарафи бунга кўнмади. Бир ойдан бери қамоқда”¸ деди Рустам Мадумаров қамалиши тафсилотларидан хабардор Озодлик манбаси.

ДХХчилар Мадумаровни нега айнан Ҳонг Конгга олиб борди?
2017 йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов давомида Мадумаров етакчилик қилган уюшган жиноий гуруҳнинг 12 давлат ҳудудида 1¸5 миллиард долларга яқин “легаллаштирилган маблағи” аниқланганини эълон қилган эди.

Бу рўйхатда Ҳонг Конг банкидаги 67 миллион доллар ва The Arch осмонўпар биносида ўшандаги нархи 15 миллион долларга чамаланган «пентхаус” ҳам бор.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар¸ Рустам Мадумаров ва Гулнора Каримованинг Standard Chartered Bankнинг Ҳонг Конгдаги филиалида очилган бир неча ҳисоб эгаси эканини кўрсатади. Бу ҳисобларда Мадумаров ва Каримованинг юзлаб миллион доллар пули сақланган.

Гулнора Каримова қатор халқаро жиноят ишларидаги асосий фигурантга айланганига 11 йил бўлади. Ҳозиргача унинг Швейцария банкларидаги бир миллиард долларга яқин маблағи музлатилди. Аммо Каримова ва Мадумаровларнинг Ҳонг Конг банкларидаги маблағи музлатилганига оид расмий маълумот йўқ.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати Каримованинг Ҳонг Конг банк ҳисобларидаги пулларини музлатиш ва ўзига қайтариш сўрови билан расман мурожаат қилгани ҳақида ҳам расмий хабар йўқ.

Ўтган йил ëзида Канаданинг The Globe and Mail нашри Каримованики экани айтилган Ҳонг Конгдаги квартиранинг 68¸4 миллион долларга сотилганини хабар қилди. Бундан¸ мазкур мулкнинг музлатилмаганини тушуниш мумкин.

Расмий Тошкент Каримованинг Ҳонг Конгдаги пул ва бошқа бойликларини музлатиш ҳамда уларни Ўзбекистонга қайтариш сўрови юборган тақдирда ҳам¸ Швейцария ишида кўрилгани каби¸ жараëн йилларга чўзилaди.

Шу боис¸Озодлик манбалари таъкидича¸Ўзбекистон ДХХ сидаги айрим қудратли шахслар Рустам Мадумаров воситасида Каримова пулларини норасмий ўзлаштириш ва уларни бугунги ҳокимият тепасида ўтирганларнинг хусусий ҳисоб рақамларига ўтказиш операциясини уюштирган.

Озодлик манбалари¸ Рустам Мадумаровни Ҳонг Конгга олиб бориш операциясини бевосита президент Шавкат Мирзиёев оиласининг ДХХдаги қудратли вакиллари уюштиргани¸ пулни ҳам айнан уларнинг ўзи олмоқчи бўлганини иддао қилди.

Айни пайтда¸ Мирзиëевнинг иккинчи куëви Отабек Умаров ҳам ДХХ раисининг ўринбосари мақомидаги расмий. Умаров ДХХ таркибидаги Президент хавфсизлик хизматининг де-факто раҳбари деб ишонилади.

Ўзбекистон ҳукуматига алоқадор расмийларнинг Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан билдиришича¸ Рустам Мадумаровнинг бундай “ноқонуний махсус операция”ни амалга ошириш учун юборилганда ҳибсга олиниши Тошкентда қаттиқ саросима уйғотган.

– Бу Ўзбекистон ҳукумати учун катта шармандалик. Аввалига нима қилишни билмай саросимага тушишди. Шу ҳафта бошида Ташқи ишлар вазирлиги Мадумаровнинг қамалиши бўйича Ҳонг Конг маъмуриятига норозилик нотаси юборди. Консуллик орқали унга адвокат тайинлашди. Тақдир ҳазилини қарангки¸ 2014 йили Мадумаровни Гулнора Каримова аъзо бўлган ОПГ (уюшган жиноий гуруҳ-таҳр.) раҳбари ва асосий пул ювғичликда айблаган Ўзбекистон прокуратураси ҳозир унинг халқаро пул ювиш жиноятига алоқаси йўқлигини исботлаш учун папка тўплаяпти. Мадумаровни нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонга олиб келиш учун қаттиқ ҳаракат кетяпти.

Озодлик манбалари Рустам Мадумаровга нисбатан пул ювиш айби қўйилаëтганини билдирди. Агар бу айб судда тасдиғини топса¸ у 14 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Рустам Мадумаров¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларнинг тасдиқлашича¸ 2000-йилларда Гулнора Каримованинг ҳам шахсий ҳаëти¸ ҳам унинг бизнес империясида жуда муҳим ўрин тутган шахс.

Гулнора Каримова имзолаган ҳужжатда унинг 2002 йилдан Мадумаров билан бирга яшагани ëзилган. Мадумаров президент қизининг ишончини шу қадар қозонганки¸ у болалари вояга етмай ўлиб қолган тақдирда¸ Ислом ва Иманга боқувчилик қилиш ваколатини ҳам Мадумаровга васият қилган.

Каримованинг 2022 йилдан сўнг дунëнинг қатор давлатларида очилган муҳим оффшор компанияларининг номинал эгаси ҳам Рустам Мадумаров бўлган.

Хусусан¸ Ҳонг Конгда очилган Expoline Limited, Гибралтарда тузилган Swisdorn Limited каби оффшор компаниялар Рустам Мадумаров номига расмийлаштирилган. Гулнора Каримова Франция ва Ҳонг Конгдаги кўп миллион долларлик уйларни ана шу компаниялар орқали сотиб олган. Айни пайтда¸ Рустам Мадумаров бу компанияларнинг юзлаб миллионлик банк ҳисобларидан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.

Рустам Мадумаровни Гулнора Каримованинг собиқ эри дейиш учун ҳуқуқий асос ҳам бор. Зотан Каримова 2008 йилнинг 2 ноябрь куни Рустам Мадумаров билан расмий никоҳдан ўтган. Аммо бу никоҳ оила қуриш учун эмас¸ 2008 йилнинг 27 августида Каримова ва Мадумаров имзоланган никоҳ келишувида ëзилишича¸ “адвокатлар гуруҳи маслаҳати” асосида айрим молиявий схемаларни амалга ошириш мақсадида тузилган.

Никоҳ қайд этилишидан роппа-роса бир ой ўтиб¸ Каримова Мадумаров билан ажрашган ва 5 декабрь куни никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилган.

Никоҳ келишуви моҳияти ва унинг аксар моддалари Каримованинг бу схема орқали Рустам Мадумаров номида бўлган компаниялар мулки ва маблағини ўзига легаллаштирилган тарзда қайтариб олганини кўрсатади.

Никоҳ келишувида хусусан¸ Мадумаров ўз номига очилган компаниялар ҳисоб рақамидаги пулнинг 50 фоизи ëхуд 215 миллион долларини¸ қолаверса¸ 98 125 000 доллар пулни Каримова ҳисобига “беғараз” шаклда ўтказиб бериш масъулиятини олади.

Шунингдек¸ Каримова ва болаларининг нормал яшашини таъминлаш учун Мадумаров ажрашгандан кейинги 8 ой давомида Каримова ҳисобига ҳар ой 1 200 000 доллар ўтказишни ҳам бўйнига олади.

Ҳужжатлар¸ ажрашиш схемаси орқали Гулнора Каримова Мадумаров номидаги компания ҳисобларидан камида 322 725 000 долларни “қонуний” тарзда ўз ҳисобига ўтказганини кўрсатади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ