АҚШ ва ЕИ элчихоналари Қирғизистонда журналистлар ва фуқаролик жамиятини ҳимоя қилиб чиқди

Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегацияси Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари билан биргаликда Қирғизистонда журналистлар ва фуқаролик жамиятини ҳимоя қилиб баёнот берди.

Баёнот 2 ноябрда нишонланадиган Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишга барҳам бериш халқаро куни муносабати билан берилди.

Баёнот муаллифлари мустақил ОАВ ва фаол жамият фаровон келажакнинг муҳим омили эканлигини таъкидладилар.

БМТ Бош Ассамблеяси 2013 йилда 2 ноябрни журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишига барҳам бериш халқаро куни деб эълон қилди. ЮНEСКОнинг 2022 йилдаги ҳисоботига кўра, 1993 йилдан бери дунёда 1600 дан ортиқ журналист ўлдирилган, ҳар 10 қотилликдан 9 таси ҳамон очилмаган.

Сўнгги йилларда сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтингларда Қирғизистон мавқеи сезиларли пасайган. Хусусан, 2023 йилда Қирғизистон Freedom House ташкилотининг “Дунёда эркинлик” ҳисоботида учинчи марта “эркин бўлмаган” давлатлар қаторидан жой олган.

Шу билан бирга, Қирғизистон ҳукумати мамлакатда сўз эркинлиги мавжудлигини иддао қилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ