Қирғиз давлат аппарати «мафия хизматкорларидан» тозаланмоқда

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 2 ноябрь куни Кемин вилоятидаги тадбирда 200 дан ортиқ давлат хизматчиси мафияга ишлагани учун ишдан ҳайдалганини айтди.

Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга алоқадор 92 нафар давлат хизматчиси ва ўғрибоши Қамчи Колбоевга алоқадор 60 нафар давлат хизматчиси аниқланган.

“Ҳозирги кунда 202 нафар давлат хизматчиси ишдан бўшатилди. Жиноий гуруҳларга алоқадор бирорта кимса давлат муассасаларида ишламайди. Бундан буён Колбаев мафияси, Матраимов мафияси бўлмайди. Раийм Матраимов, агар у мамлакатда яшагиси келса, кичик «Матиз» ҳайдасин, Матраимов уруғи ва ноқонуний йўллар билан топилган бойликлари мамлакат тараққиётига халақит бермаслиги керак”, — деди Ташиев.

Ташиев мафияга алоқадор бўлган амалдорлар айнан қайси давлат органларида ишлаганига аниқлик киритмади, аммо “улар орасида МХДҚ ходимлари ҳам борлигини” таъкидлади.

Аввалроқ марҳум жиноий авторитет Қамчибек Колбаев ва коррупцияда айбдор деб топилган божхона хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари Раиймбек Матраимовга алоқаси бўлган 50 нафар божхоначилар ишдан бўшатилган эди.

Ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг жиноий алоқаларини тафтиш қилиш жараёнида божхона органларининг ички идоравий тартиб-қоидаларини бузган айрим мансабдор шахслар аниқланди. Божхона хизматининг ҳам марказий аппарати, ҳам маҳаллий бўлинмаларининг 50 га яқин ходими ўғрибоши Қамчибек ва божхона раҳбарлигидан коррупцияда айбловлар билан бўшатилган Райимбек Матраимовга яқин бўлган, уларнинг ноқонуний топшириқларини бажарган.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ