Бишкекда миналанган бинолар ҳақидаги сохта хабарларни тарқатган одам ушланди

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2 ноябрь куни Бишкекдаги савдо марказларида бомба борлиги ҳақида ёлғон хабарлар жўнатганликда гумонланган шахс қўлга олинганини маълум қилди.

МХДҚга кўра, қўлга олинган фуқаро “МДҲ фуқароларидан иборат ёпиқ трансмиллий кибергуруҳнинг фаол иштирокчиларидан бири” бўлган. Кибергуруҳ интернет фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини ўғирлашга ҳамда МДҲ ҳудудида бомбалар ҳақида ёлғон хабарлар юборишга ихтисослашган.

“30 октябрь куни ҳибсга олинган шахс ИИВга савдо марказларда ўрнатилган бомбалар ҳақида аноним хабар юборган. У 18 июль куни ГУМ савдо марказига ўрнатилган бомба ҳақидаги аноним хабарга алоқадорлиги ҳам аниқланди”, — дейилади МХДҚ баёнотида.

Қирғизистонда террорчилик акти ҳақида била туриб ёлғон хабар бериш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

19 октябрь куни милицияга Бишкекдаги қатор объектларга, жумладан Олий суд ва Рақамли ривожланиш вазирлиги биноларига бомбалар ўрнатилгани ҳақида хабар берилган.

Худди шундай хабарлар учта мактаб ҳақида ҳам берилди. Муассасалардаги одамлар эвакуация қилинган, текширув натижасида биноларда портловчи мосламалар топилмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ