Қирғизистон ва Тожикистон чегаравий муаммоларни янги йилгача ҳал қилмоқчи

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров янги йилгача Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги барча чегаравий масалалар ҳал қилинишини айтди.

Ҳукумат раҳбари 3 ноябрь куни қашшоқлик ва тенгсизликка барҳам беришга бағишланган форумда чегара муаммосига алоҳида эътибор қаратди.

“Биз чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш устида фаол ишлаяпмиз. Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида делимитация жараёнлари якунига етди. Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларининг топшириқларидан келиб чиқиб, янги йилга қадар бу чегарада ҳам барча масалаларини ҳал қилмоқчимиз”, — деди Жапаров

Аввалроқ Боткен ва Бўстонда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтгани эди. Делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.

Учрашувда чегараларни аниқлаш, делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Сентябрь ойида Боткенда ҳукумат делегациялари бу борада протокол тузган эди. Томонларнинг айтишича, ушбу протокол аввал тожик-қирғиз чегарасидаги можароларини келтириб чиқарган барча масала ва муаммоларга чек қўйиши лозим.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ