Қирғизистондан ўғирлаб кетилган фаол Москвадаги ҳибсхонада сақланаётгани маълум бўлди

Июнда ҳам Скорякин Бишкекда Россия сўрови билан қўлга олинган эди.

Қирғизистондан 17 октябрда ўғирлаб кетилгани айтилаётган фаол Лев Скорякин Москвадаги “Бутирка” қамоқхонасида сақланаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Черная книга капитализма” ва «Поддержка политзаключённых. Мемориал» хабар берди.

Хабарда айтилишича, фаол Россияга мажбурий ва ноқонуний равишда олиб кетилган. Уни Бишкекдан Москвага самолётда олиб келишган ва ҳеч қандай айблов билдирмай туриб 2- сонли тергов изолятори -“Бутирка”га қамашган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 2- сонли тергов изолятори ходимлари бу маълумотни сир тутган ҳамда фаолни Россияга ўз ихтиёри билан қайтгани тўғрисида баёнот беришга мажбурлаб, қийноқларга солган.

Скорякин Бишкекда 17 октябрга ўтар кечаси ўғирлаб кетилган эди. Фаол яшаётган жойга иккита автомашинада ўн киши келган. «Новая газета Европа» нашрида мавжуд маълумотларга қараганда, улар ўзларини милиция ходимлари деб таништирган ва Скорякинни олиб чиқиб кетган.

Июнда ҳам Скорякин Бишкекда Россия сўрови билан қўлга олинган эди. У сентябрда Бишкекдаги ҳибсхонадан озод қилинганди. Қирғизистон Бош прокуратураси уни Россияга экстрадиция қилишдан бош тортган.

Россияда Скорякин безориликда айбланмоқда. У 2021 йил декабрида Москвада ФХХ биноси олдида «С днем ЧКиста» деган акция ўтказганидан сўнг жиноят иши очилган. Россия махсус хизматлари уни қидирувга берган. Фаол Россияда 7 йилгача қамалиши мумкин.

“Мемориала” ҳуқуқ ташкилотининг билдиришича, Скорякин Қирғизистондан Германияга кетишни режалаштираётган эди. У 16 октябрда Германия гуманитар визасини ва чет эллик фуқаро паспортини олган эди. Аммо у Германияга кетишга улгурмаган, чунки Бишкекка Путиннинг келиши муносабати билан Сорякиннинг Россия паспорти олиб қўйилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ