Парламент “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартишларни биринчи ўқишда қабул қилди

Фаоллар қонун лойиҳасининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилганлигини айтмоқда.

Қирғиз сиёсатчилари хориждан маблағ олувчи нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш учун йиллар давомида баҳсли қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда.

Жўқорғи Кенеш депутатлари 25 октябрь куни биринчи ўқишда қабул қилган “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ва Қирғизистон Жиноят кодексига таклиф этилаётган ўзгартишлар мана шулардан бири.

Қирғиз жамоатчилиги қонунчиликка “хорижий вакил” тушунчасини киритишни таклиф қилган депутат Нодира Нарматованинг ушбу ташаббусини Россия андозасидаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун деб атамоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси маъқулланса, хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

“Ҳеч қандай тақиқ, босим бўлмайди, фақат ҳисобот бериш талаби қўшилмоқда. Қўрқувга ҳожат йўқ. Мамлакат хавфсизлиги биринчи ўринда”, – деди парламент спикери Нурланбек Шакиев йиғилишда.

Қонун лойиҳасида хорижий агент деганда “хорижий вакиллик функциясини” бажарувчи ва “Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётган сиёсий фаолиятда иштирок этувчи” ёки жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи нодавлат ташкилоти тушунилиши келтирилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бундай ташкилотлар мажбурий аудитдан ташқари, ҳукуматга молиявий ҳисоботларини асослаб бериши ва ҳатто ўз тадбирларида ҳукумат вакилларининг иштирок этишига рози бўлиши керак.

Қонун лойиҳасида “фуқароларга нисбатан зўравонлик ёки уларнинг соғлигига зарар етказиш ёхуд фуқароларни ўз фуқаролик бурчларини бажаришдан бош тортишга ундаш” да айбдор деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Нотижорат ташкилотлар ҳуқуқи бўйича халқаро марказнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасидаги аксар бандлар нодавлат сектор ишчилар ҳуқуқларини камситади.

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

“Энди нотижорат ташкилотни рўйхатдан ўтказиш жараёни янада мураккаблашади. Тугатиш жараёни эса соддалаштирилди”, – дейди “Адилет” юридик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Чўлпон Жакупова.

Қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари қирғиз ҳукуматидан қонун лойиҳасини рад этишни сўраган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ