Қирғизистон шимолини жануби билан боғлайдиган стратегик йўл 2024 йилда фойдаланишга топширилади

Бу йўл аслида 2018 йилда топширилиши керак эди.

«Шимол-Жануб» муқобил стратегик трассани қурилиши 2024 йилда тўлиқ якунланади. Бу ҳақда 24 октябрь куни парламентда Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги вакили Алмазбек Дуйшебаев маълум қилди.

“Туннелни июнда фойдаланишга топширамиз. Ҳозирча молиялаштириш манбаси аниқланмаган 5 та муҳандислик иншооти қурилиши лозим. Агар инвестор топилса, келаси йили ушбу обектларни ишга туширамиз”, – деди Дуйшебаев.

Аввалроқ вазирлик «Шимол-Жануб» трассасида 5 та муҳандислик иншооти – иккита қор кўчкисига қарши галерея ва учта йўл ўтказгич кўприги қурилиши учун грант жалб этишини маълум қилган эди. Лойиҳаларнинг қиймати 24 миллион доллар деб баҳоланган.

«Шимол-Жануб» муқобил йўлининг қурилиши 8 йил аввал бошланган, у аслида 2018 йилда топширилиши керак эди. Балиқчи – Қўчқор – Чаэк – Орол – Қозармон – Жалолобод йўналиши бўйлаб узунлиги 433 километр бўлган автомобиль йўли Қирғизистоннинг шимоли ва жанубини боғлайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ