Россия Қирғизистонни газлаштиришда “ҳар томонлама кўмаклашмоқчи”

РФ президенти Владимир Путин Россиянинг «Газпром» компанияси Қирғизистоннинг газ таъминоти тизимига 18 миллиард рубль сармоя киритганини, бунинг натижасида мамлакатда газ таъминоти даражаси 30 фоизгача ошганини маълум қилди.

Бу ҳақда у 12 октябрь куни Бишкекда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан қўшма ҳужжатларни имзолаганидан сўнг ОАВ вакиллари билан суҳбатда маълум қилди.

«Қирғизистон ҳукумати газ билан таъминланганлик даражасини 60 фоизгача чиқармоқчи. Биз бунга ҳар томонлама ёрдам берамиз», деган Путин.

У, шунингдек, Россия-Қирғизистон ҳамкорлигининг энг муҳим соҳаларидан бири энергетика эканлигини таъкидлади.

“Россия Қирғизистонга нефть маҳсулотларини етказиб берувчи асосий ҳамкордир. Биз қирғизистонлик истеъмолчиларнинг бензин ва дизелга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондираяпмиз, ўтган йили 1,2 миллион тоннага яқин ёқилғи экспорт қилдик, бу йил ҳам шу миқдорни жўнатиш ниятидамиз”, — дея қўшимча қилди Россия президенти. У ёқилғи имтиёзли шартларда, яъни экспорт божисиз берилаётганини эслатиб ўтди.

Сентябрь охирида Россия ҳукумати «ички бозорни барқарорлаштириш мақсадида» бензин ва дизель экспортига вақтинчалик чекловлар киритган эди . Бироқ, бу тақиқ ЕОИИ мамлакатларига экспорт қилинаётган ёқилғига тааллуқли эмас.

Октябрь ойида Бишкек ҳокими Эмилбек Абдиқодиров яқин икки йилда Қирғизистон пойтахти тўлиқ газлаштирилишини маълум қилган эди . “Газпром Қирғизистон” бош директори ўринбосари вазифасини бажарувчи Арзимат Алдаяровнинг айтишича, олти йил ичида компания 1250 километр қувур тортган, 53 аҳоли пункти газлаштирган. Унинг қўшимча қилишича, Бишкек ва унга яқин аҳоли пунктлари газлаштирилгандан сўнг бошқа ҳудудларни ҳам табиий газ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ