Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон 13 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтаётган МДҲ саммити ҳошиясида музокара ўтказди.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон қирғиз-тожик икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан, чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласини муҳокама қилган.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари “икки давлат ва халқлар ўртасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш учун мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар”.
Аввалроқ Боткенда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтгани эди. Делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.
Учрашувда чегараларни аниқлаш, делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган ва бу борадаги протоколга қўл қўйилган. Томонларнинг айтишича, ушбу протокол аввал тожик-қирғиз чегарасидаги можароларини келтириб чиқарган барча масала ва муаммоларни ҳал қилиши лозим.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган.
Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.