Владимир Путин расмий ташриф билан Қирғизистонга келди

У Бишкекдаги МДҲ саммитида қатнашиш учун келган.

12 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Бишкек аэропортида Путинни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров кутиб олди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Владимир Путиннинг кун тартибида икки томонлама музокараларни ўтказиш ҳамда Кант шаҳрида КХШТ авиация базаси очилганининг 20 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этиши режалаштирилган.

Шунингдек, 13 октябрь куни Бишкекда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. Саммитга Қирғизистон раислик қилади.

Тадбир давомида МДҲ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

МДҲ давлат раҳбарлари саммити ўтган йили Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Халқаро жиноят суди Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганидан бери Россия президенти бошқа мамлакатларга деярли бормаётган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ