Нонимизни қайтариб беринг: Қирғизистондаги ўзбек тили ўқитувчилари президентга очиқ хат йўллашди

Ҳужжатда ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда Ўзбек адабиёти дарси ўта қисқариб кетгани айтилади.

Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги мактабларнинг ўзбек тили ўқитувчилари президент Садир Жапаровга очиқ хат билан мурожаат қилишди. Бу ҳақда Кактус.Медиа нашри хабар қилди.

Мурожаатда Қирғизистон Республикаси Конституцияси республика халқини ташкил этувчи барча миллат вакилларига ўз она тилини асраб-авайлаш, ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш ҳуқуқини кафолатлагани қайд этилган. Бироқ мурожаат эгаларининг ёзишларича, кейинги йилларда таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда она тили ва адабиёти фанидан соатлар кескин камайган.

“Мавжуд вазият ўқувчиларнинг ўзбек тилини ўрганишига имкон бермаяпти, шунингдек, ишсиз қолиши мумкин бўлган ўқитувчиларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган ўқув йилида 9-синфда “Жаҳон динлари тарихи” янги фанини ўқитиш жорий этилган эди. Унга “Ўзбек тили ва адабиёти” фанига ажратилган икки соат олиб берилган. Бу ўқув йилида 7-8-синфлар учун ҳам шундай”, дея таъкидланади мурожаатномада.

Шунингдек, унда мамлакатда таълим турли тилларда олиб бориладиган мактабларда она тили ва адабиёти фанидан соатлар сони солиштирилган:

таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мактабларда 5-8-синфларда қирғиз адабиёти ҳафтасига икки соат, 9-11-синфларда 3 соат; таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда 5-9-синфларда “Рус адабиёти” фанидан икки соат, 10-11-синфларда уч соат; таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда ўзбек адабиёти 5-синфларда икки соат, 6-11-синфларда бир соатгина ўқитилади. Тожик тилида ўқитиладиган мактабларда ҳам аҳвол шундай.

“Бу адолатданми? Бу республикада яшаётган қардош халқларга нисбатан ҳурматсизликнинг кўриниши. Адабиёт болаларга ҳаётни ўргатиб, тарбиялашда муҳим фанлардан бири эканлигини ҳамма билади. Болалар адабиётни ўқимаса, маънавий камбағал, саводсиз бўлиб ўсади ва жамиятга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради”, дейилади мурожаатда.

Мурожаатнома муаллифлари Қирғизистон фуқароси эканликлари ва ўз ватанларини севишлари, давлат тили бўлган қирғиз тилини билишлари ва ҳурмат қилишлари, фарзандлари давлат тилида бемалол гаплашишларини қайд этишади. Уларнинг фикрича, соат тақсимлашда холислик бўлиши, яъни рус тили ва адабиёти дарслари қанча бўлса, ўзбек тили ва адабиёти соатлари ҳам шунча бўлиши керак.

Муаллимлар президент Садир Жапаровдан базавий ўқув дастурини қайта кўриб чиқишни, фан бўйича ўзбек тили ва адабиёти соатларини кўпайтиришни ва ўқитувчиларнинг “нонларини қайтариб беришни” сўрашади. Чунки соатларнинг қисқариши тил ва адабиёт дарси ўқитувчиларининг ойлик маошларининг қисқаришига ҳам олиб келган.

Дарвоқе, бу йил Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва адабиёти бўлими очилган эди. Лекин унга биров ҳужжат топширмагани учун бу йил қабул бўлмаган. Эҳтимол, бунинг сабаби ҳам шу ва шунга ўхшаш муаммолар билан боғлиқдир?

Кактус.медиа изоҳ учун Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги билан боғланган. Вазирликдан ўқитувчиларнинг мурожаатидан хабардор эканликларини ва кейинроқ маълумот беришга ваъда беришган.

Ўшдаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилардан бирининг айтишича, ушбу мурожаат аввал Қирғизистон Таълим вазирлигига юборилган.

“Вазирлик янги ўқув йилининг дастурини бизга юборганда, унга норози бўлиб, август ойида вазир номига хат ёзганмиз. Лекин вазир ўринбосари Расул Абазбек уулудан бизга салбий жавоб келди. У бизни қаноатлантирмади. Шу сабабдан биз президентга мурожаат қилишга мажбур бўлдик”, дейди исми сир қолишини сўраган ўқитувчи.

Таълим вазирининг жавобида айтилишича, жорий йилнинг август ойида “Таълим ҳақидаги” қонуннинг янги таҳрири қабул қилинган. Энди таълим тизимининг иши ана шу қонун доирасида қайта кўриб чиқилади ва ана шу жараёнда ўқитувчилар кўтарган муаммо ҳисобга олинади. Лекин бу қайта кўриш жараёни қачон бошланиб, қанча давом этиши айтилмаган. Муаммонинг ечими эса ҳозир ҳал қилинишини кутмоқда.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, мактабларда кўп тилли таълим тизимига ўтилиши керак. Шунда ўқувчилар, жумладан, она тили ва адабиётига кўпроқ ўрин берилиб, ўзбек ёшлари ҳам ўз она тилларини сақлаб қола оладилар.

“Қирғизистондаги ўзбек ёшларини биз она тилини, адабиётини ва қадриятларини унутиб юбормасликка ва ўрганишга даъват қиламиз. Ундай қилмасак, уларда миллий қиёфа йўқолиб кетади ва келажакда ўртадаги қайдайдир бир миллат пайдо бўлиши мумкин”, – дейди суҳбатдош. – “чунки жамиятимиз айнан кўп миллатлилиги, ранг-баранглиги билан гўзал ва кучли”.

Таҳририятдан: Умид қиламизки, иш очиқ хат муаллифларига босим ўтказишга сабаб бўлмайди, вазирлик эса давлат раҳбарияти билан бирга бу масалани тушуниш билан қабул қилиб, адолатли равишда ҳал қилиб беради.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ