Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан Афғонистонга қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигида етказилди.

Юборилган ёрдам юки таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар, шунингдек, чодир ва одеяллар, шунингдек, бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон делегациясини Афғонистон ҳукумати томонидан тузилган зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича комиссия раиси Мавлавий Шарофиддин Муслим, раис ўринбосари Аҳмадулло Муттақий ҳамда транспорт ва фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Абдулсаттор Гурвол кутиб олди.

«Ўзбекистон — бизга ҳар доим биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзиб келган биродар мамлакат. Мен ўзим бир неча бор мамлакатингиздан келадиган кўмакни қабул қилиб, жабр кўрган халқимиз ўртасида тақсимлашда иштирок этганман. Биз Афғонистон ислом амирлиги ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва халқига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Сизлар энг яхши қўшнимиз сифатида Аллоҳ юборган оғир синов кунларида ҳар доим ёнимизда турасиз. Халқимиз буни ҳеч қачон эсдан чиқармайди», — дея таъкидлаган Мавлавий Шарофиддин.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябр куни эрталаб Афғонистонда фожиали табиий офат юз берди: эпицентри Ҳирот шаҳридан 40 км шимоли ғарбда 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзиладан сўнг 3 та кучли афтершок кузатилган. 2400 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2000 га яқин аҳоли жароҳат олган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ