Боткен вилоятида 32 масжид ва 5 мадраса фаолияти тўхтатилди

Боткен вилояти ҳудудида 32 масжид ва 5 мадраса фаолияти тўхтатилгани тўғрисида 10 октябрда Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) маълум қилди. Расман билдирилишича, 8 та масжид бўйича тўпланган материаллар вилоят милициясига кўриб чиқиш учун топширилди.

МХҚ, ИИВ, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, архитектура ва “Кадастр” идораси, муфтият ва президентнинг вилоятдаги мухтор вакили аппарати ходимларидан иборат ишчи гуруҳ масжид ва мадрасаларда текширув ўтказган.

Текширув пайтида “Диний эркинлик ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни, архитектура ва қурилиш, санитария-эпидемиология ҳамда ёнғин хавфсизлиги меъёрларини бузган 55 масжид ҳамда 6 мадрасага нисбатан баённома тузилган.

Бу каби текширувлар бундан аввал Қирғизистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилган эди. Жумладан, Ўш вилоятида 39 та масжид ва 21 та ўқув даргоҳи фаолияти тўхтатилган, 39 та диний объектга нисбатан жарималар тайин қилинган. Шунингдек, насронийларга тегишли 18 та диний объект фаолияти ҳам текширилган.

Аввалроқ муассасалараро комиссия Жалолобод вилоятида 60 та масжид ноқонуний фаолият юритаётганини аниқлагани хабар қилинганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, шу кунда Қирғизистонда 2 минг 600 тага яқин масжид, қарийб 100 та мадраса ва 10 та исломий институт фаолият олиб бормоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ