Қирғизистонда айрим интернет-провайдерлар “Клооп” нашрини блоклади

Қирғизистондаги айрим провайдерлар ёшлар нашри бўлган “Клооп.кг” веб-сайтини “сохта янгиликлар” тўғрисидаги қонунга мувофиқ Маданият вазирлиги талабига биноан тўсиб қўйишди. Бу ҳақда нашрнинг ўзи хабар бермоқда.

“Улар қаторида «О!» уяли алоқа оператори ва Homeline провайдери ҳам бор”, дейилади “Клооп” сайтидаги маълумотда. Ҳар икки оператор мамлакатда оммабоп уяли алоқа ва интернет компаниялари ҳисобланади.

Айни пайтида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида қайси провайдерлар билан нашр веб-сайтига кириш имкони борлиги ҳақида сўров ўтказилмоқда.

Шунингдек, “Клооп” муқобил ҳавола орқали сайтдаги материалларни ўқишни, шунингдек, ижтимоий тармоқларга обуна бўлишни ва кузатишни тавсия қилган.

Нашр блокланган сайтларга кириш ва интернетдан хавфсиз фойдаланиш учун VPN тизимидан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Шунингдек VPNдан фойдаланишнинг қулай йўлларидан бири – бу Firefox базасидаги Mullvad Browserни браузер ўрнида қўлланса, у блокланган ҳамма сайтларни очиб бериши маълум қилинади.

Аввалроқ “Клооп.кг” сайти Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси шикоятларига сабаб бўлган материални ўчирмаслигини хабар қилган. 11 сентябр куни суд Маданият вазирлиги департаментининг ушбу веб-сайтни блоклаш ҳақидаги қарори устидан қилинган шикоятни рад этган.

Гап нашрда чоп этилган “Сиёсатчи Равшан Жээнбеков 1-ТИЗОда қийноққа солинаётганини айтди” сарлавҳаси остидаги мақола ҳақида. Расмийлар сайтдан ундаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини даъво қилиб, мақолани сайтдан олиб ташлашни талаб қилмоқда.

Аввалроқ, 28 августда Бишкек шаҳри прокурори Эмилбек Абдиманнапов сайтнинг таъсисчиси бўлган “Клооп Медиа” жамоатчилик фондини тугатиш тўғрисида судга даъво аризасини берган. Прокуратура мурожаатида айтилишича, жамғарма уставида унинг оммавий ахборот воситаларини очиши мумкинлиги аниқ кўрсатилмаган.

“Қирғизистон Фуқаролик Кодексида юридик шахслар белгиланган мақсадларга тўғри келмайдиган фаолиятни тизимли равишда амалга оширса, уларни суд қарори билан тугатишга рухсат берилади”, дейилади баёнотда.

“Биз мақоламизда ёлғон маълумотлар борлигига ишонмаймиз ва уларни сайтимиздан ўчирмаймиз. Расмийларнинг оғзимизни ёпмоқчи бўлаётганлари, уларнинг ҳаракатларининг тўғрилигини янада шубҳа остида қолдиради”, дейилади “Клооп.кг” тарқатган хабарда.

Халқ орасида “Кампиробод иши” номи билан машҳур бўлган жиноий иш бўйича қамоқда сақланаётган сиёсатчи Равшан Жээнбеков, 1 сентябрь куни Фейcбукдаги саҳифасида ўзининг қийноққа солинаётганини ёзган.о

“Соғлигим совуқ камерада ётишимга имкон бермаяпти, дейишимга қарамай, ярим ертўладаги камерага кўчирилдим. Менинг қамоқхонадаги тиббий картамда соғлигим (жигар ва буйрак касалликлари) яхши эмаслиги кўрсатилган», деб ёзади у ўз постида.

Жээнбеков шунингдек, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Омбудсман, ҳуқуқ ҳимоячилари ва Қийноқларга қарши миллий марказга ҳам мурожаат қилган.

5 сентябрь куни, Қийноқларга қарши миллий марказ ходимлари тергов ҳибсхонасида сақланаётган сиёсатчиларни бориб кўрган ва улар ҳақиқатан ҳам қониқарсиз шароитда яшаётганини қайд этишган.

Халқаро Баёнотлар

Бир қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар суд қарорини танқид қилиб, Қирғизистон ҳукуматини “Клооп Медиа” фаолиятини чеклашни бас қилишга чақирган.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” (CPJ) суднинг “Клооп Медиа” фаолиятини таъқиқлаш ҳақидаги қароридан хавотир билдириб, баёнот ёйинлаган.

Ташкилот Қирғизистон ҳукуматини, мустақил медиа фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги сўнгги таҳдидидан қайтишга чақирган.

“Клоопни ёпиш ҳақидаги яқинда эълон қилинган ва энди унинг веб-сайтини тўсиб қўйиш таҳдиди Қирғизистон расмийларининг, нашрнинг коррупцияга қарши муросасиз хабарлари учун қасос олишга интилишидан далолат беради ва бунинг чегараси йўқдек”, – дейди такшилотнинг Марказий Осиё дастури бўйича координатори Гулноза Саид.

У шунингдек, Қирғизистон ҳукумати Клоопнинг овозини ўчиришга уринишларини бас қилишга ва ёлғон маълумот тўғрисидаги қонунни бекор қилишга чақирмоқда.

«Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Германия бўлими директори Кристиан Мир, Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг мамлакатдаги энг нуфузли ОАВларини йўқ қилишга ҳаракат қилаётганини айтади.

«[Нашрни ёпиш] Жапаров ҳокимият тепасига келгунига қадар Марказий Осиёдаги ягона демократик деб ҳисобланган мамлакатда матбуот эркинлигига яна бир кескин зарба бўлади. Даъвони қайтариб олиш керак», дейди у.

“Клооп Медиа” мунтазам равишда порахўрлик, коррупция тизимлари ва ҳукуматнинг [инсон ҳуқуқларига] босими ҳақида журналистик суриштирувлар олиб боради. 22 август куни Клооп сайтида навбатдаги журналистик суриштирув эълон қилинган. Унда “Барселона” футбол клуби франшизаси эгалари қатори Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ва президент Садир Жапаровнинг яқинлари ҳам кўрсатилган. 11 сентябрь куни эса, президент Жапаровнинг оиласига оид яна бир қанча материаллар чоп этилган.

Бунгача “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати фаолиятини тўхтатиш бўйича ҳам Маданият вазирлиги судга мурожаат қилган ва нашр сайти тўсиб қўйилган. 7 ойлик судлашув ва ўзаро “келишув” асосида “Азаттиқ” сайтига қўйилган чеклов олиб ташланган.

Кузатувчилар, Марказий Осиё давлатлари орасида нисбатан сўз эркинлиги мавжуд бўлган Қирғизистонда, сўнгги пайтларда мустақил журналистлар таъқиб остига олиниб, инсон ҳуқуқлари бузилаётганини айтишмоқда.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ