Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Душанбега борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг самолёти Душанбедаги халқаро аеропортига қўнган. Жапаровни Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода кутиб олган.
Маълум қилинишича, амалий ташриф доирасида Жапаров Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан икки томонлама музокаралар ўтказган. Унда чегара масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Расмий делегация таркибига ташқи ишлар ва энергетика вазирлари кирган.
Тожикистон ТИВ хабарига кўра, бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинади, улардан асосийси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қўшма баёноти бўлади.
Чўлпон-Отада бўлиб ўтган IV учрашувда Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Жорий саммитда Тожикистон ва Туркманистон томонидан ҳам ушбу ҳужжатни имзолаши кутилмоқда.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километр бўлиб, шундан 290 километри баҳслилигича қолмоқда. Чегаралардаги мавҳумлик туфайли қўшни давлатлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб турибди.