Олмаотада Озодлик радиоси Марказий Осиё хизматларининг медиафоруми иш бошлади

Олмаотада Озодлик радиоси хизматлари («Озод Европа Радиоси/Озодлик радиоси», Radio Free Europe/Radio Liberty, RFE/RL) Марказий Осиёда очилганининг 70 йиллиги муносабати билан медиафорум бўлиб ўтмоқда.

Форум «Азаттик»нинг (Озодлик радиосининг қозоқ таҳририяти) YouTube ва Facebook саҳифаларида трансляция қилинмоқда:

RFE/RL президент вазифасини бажарувчи Жефф Гедмин ўзининг табрик сўзида Марказий Осиёда мустақил журналистик фаолият, айниқса, сўнгги ўттиз йилдаги ўзгаришларни ҳисобга олганда, ўта муҳимлигини таъкидлади.
 

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақаси ва кенгроқ постсовет ҳудуди ҳамда айрим ривожланган давлатларда демократия, либерализм, сўз эркинлиги ва мустақил оммавий ахборот воситалари ҳар қачонгидан ҳам шиддатлироқ ундов ва таҳдидларга дуч келмоқда.

Марказий Осиёда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда (Радио Озоди), Ўзбекистонда (Озодлик радиоси), Туркманистонда (Азатлик радиоси) таҳририятлар фаолият юритмоқда.

Озодлик радиоси медиафоруми бир кун давом этади, унда бир нечта панель муҳокамалари ва тақдимотлар ўтказилиш режалаштирилган. Тадбир давомида радионинг турли тиллардаги хизматлари вакиллари ва меҳмон маърузачилар минтақадаги матбуот эркинлиги ҳолатини муҳокама қиладилар.

Шунингдек, Марказий Осиёда инсон эркинликлари ва демократия ривожига таъсир этувчи омиллар ҳам муҳокама қилинмоқда.

Форум давомида турли таҳририят вакиллари журналистик суриштирув олиб бориш, фавқулодда вазиятларни ёритиш, веб-сайтлар блокировка қилинаётган шароитида ишлаш бўйича тажриба алмашадилар.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ