Ўзбекистон масжидларида азон овози пасайтирилмоқда

Шу йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биносида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида махсус мажлис ўтказилиб, мамлакатда диний радикаллашув масаласи муҳокама қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Давлат хавфсилик хизмати (ДХХ) раиси Абдусалом Азизов иштирок этган мажлисда мамлакатда «диний радикаллашув кучайиб бораётганидан» ташвиш билдирилган.

Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлилик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган.

Озодлик манбаси Бош вазир Ариповнинг “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин” деган сўзларини келтирди.

Бош вазирга кўра, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилади.

Бош вазир матбуот хизмати ва давлат матбуоти ушбу йиғилиш ҳақида бирон расмий ахборот бергани йўқ.

Ўзбекистоннинг бир неча масжидларидаги овоз кучайтиргичларда азон овозлари пасайтирилган. Тошкент шаҳридаги «Дўмбиробод» масжиди собиқ имоми Шермурод Тоғай 11 сентябрь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида эндиликда овоз кучайтиргичлар овозлари ўчирилиши ҳам мумкинлигини ёзди.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси вакили «бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», дея жавоб қайтарган.

Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Тошкентдаги диний адабиётлар ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қиладиган қатор дўконларга рейдлар уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Алихонтўра Шокиржон ўғли исмли Фейсбук фойдаланувчиси, шу кунларда Сергелидаги «антисоқол» рейди ўтказилгани, соқолли 10 киши ушланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилингани» ҳақида ёзди.

Шунингдек, Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасидаги диний адабиётлар, атторлик ашёлари ва диний либослар сотувчи бир қанча дўконлар назоратга олинган. Дўконларнинг номларидан исломий ибораларни олиб ташлаш, дўкон пешлавҳаларидан араб имлосидаги таблоларни олиб қўйиш тавсия қилинмоқда.

2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат диний эркинликлар соҳасида илгарилаб бораётганини даъво қилишади. Расмийлар БМТ Махсус маърузачи тавсияси билан қийноқлар билан ном чиқарган «Жаслиқ» қамоқхонаси ёпилгани, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун сўнгги халқаро талаблар даражасида ислоҳ қилинганини таъкидлайдилар.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ