Қирғизистон Олий суди журналист Болот Темиров мамлакатдан ҳайдалишини қонуний деб топди

Журналист адвокатлари Темировни тўлиқ оқлашни ва уни Қирғизистондан депортация қилиш қарорини бекор қилишни сўраган эди.

Болот Темировнинг адвокатлари Олий судга биринчи инстанция ҳукмлари устидан берган кассация шикояти рад этилди. Энди Болот Темиров қирғиз судлари устидан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят киритмоқчи.

Болот Темиров мансабдорлар коррупцияси ҳақида қатор журналистик суриштирувлар чиқарган Youtube платформасидаги Temirov LIVE каналининг асосчиси ҳисобланади.

Темировга нисбатан таъқиб каналда «Қирғизнефтегаз» ДУК томонидан ишлаб чиқарилган мазут экспортидаги шубҳали схемалар бўйича суриштирув эълон қилинганидан кейин бошланган. Бу схемаларга Қирғизистон давлат хавфсизлик хизмати Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилган.

Гарчи адвокатлар Болот Темиров мамлакатдан чиқариб юборилиши қонунлар ва Конституцияга зид эканлини исботлаган бўлса-да, 2022 йилнинг 23 ноябрь куни суд қарори билан журналист Болот Темиров Қирғизистондан чиқариб юборилган эди. Ҳукм эълон қилинган суд жараёнидан сўнг дарров куч билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамроҳлигида аэропортга олиб кетилган ва самолётда Россияга жўнатилган.

Аввалроқ Свердловск туман суди журналистни икки модда бўйича оқлаган эди. Яна иккита иш бўйича, шу жумладан сохта паспорт бўйича, даъво муддати ўтганлиги сабабли иш тугатилди, суд унга нисбатан жазо қўлламади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ