Муфтий Ўзбекистонда юзини беркитиб кийганларни танқид қилди

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров аёлларнинг бурқада юриши бўйича фикр билдирди. Унинг айтишича, Ислом динида маълум бир форма қабул қилинмаган. Маъруза видеоси идора матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Кийим кийишда ҳам ҳаддимиздан ошяпмиз. Қанақадир кўриниш ёки кийим билан тақводор бўлинмайди. Бизнинг мазҳабимиз аёлларнинг юзини беркитишга буюрмаган. Динимизда кийимни ҳаддидан оширмаслик, чиройли қилиб юриш тавсия қилинган», деди муфтий.

Шунингдек, Нуриддин Холиқназаров кийим кийиш меъёрлари ҳақида гапирар экан, ҳар бир миллатнинг ўз анъаналари ва либослари борлигини уқтирган.

«Мусулмон бўлдингми, мана бу формага ўтишинг керак, деган гап йўқ. Бу умуминсоният учун юборилган — араблар ўзига хос, турклар ўзига хос, Индонезия, Малайзиядаги мусулмонлар ўзига хос кийимини кияди. Ўзбеклар ҳам ўзига хос. Ислом кийимда ҳам меъёрни, ҳаддини ўргатади. Ҳаддингни бил, беҳаё бўлиб бутун дунёга шарманда бўладиган кийимни ҳам кийма, ёки қоп-қора бўлиб арабча бўлиб олма. Беркитиш шарт бўлмаган жойларни беркитишга буюрилмаган», дея уқтирган Шайх Нуриддин Холиқназаров.

Қолаверса, у ҳозирги даврда ўзбекларнинг араблашиб кетаётганини ҳам танқид остига олди.

Бундан ташқари муфтий йигитларга ҳам юзланиб, соқолларини тартибга солиб юриш жоиз эканини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жамоат жойларида шахсини таниш имконини бермайдиган даражада юзни тўсганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Қонун лойиҳаси кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ