Россия масжидларида муҳожирларни овлаш давом этмоқда

Россиянинг қатор шаҳарларидаги масжидларда жума намозидан сўнг полициячилар йўллакларрда туриб намозхонларнинг ҳужжатларини текширмоқда. Улар Россия фуқаролигини олиб ҳамон ҳарбий рўйхатга турмаган эркакларни қидиришмоқда.

Милиция бундай эркакларга жойида чақирув қоғозини топширяпти ёки биратўла ҳарбий чақирув пунктига олиб кетмоқда.

Озоди радиосига муштарийларидан бири юборган видеоларда бир неча муҳожир полициячилардан қочаётганини кўриш мумкин. Россияда бир неча ойдирки, муҳожирларга қарши рейдлар давом этмоқда. Бироқ эндиликда, муҳожирларнинг сўзларига кўра, полиция рейдлари Россия фуқаролигини янги олганларни топишга қаратилган.

Краснодар шаҳрида 8 сентябрь куни жума намозидан сўнг маҳаллий ОМОН масжидда рейд ўтказди. Тожикистонлик муҳожирлардан бири ОМОН масжид эшикларини ёпиб, намозхонларнинг ҳужжатларини текшираётгани акс этилган видеони юборган.

“Намозга келганларнинг ёппасига текширди. Россия паспорти эгалари алоҳида рўйхатга киритилиб, икки кундан сўнг ҳарбий чақирув пунктига бориши айтилган. Вақтинча пропискага эга шахсларнинг ҳужжатларини суратга олди. Ҳужжатлари чатоқ бўлган муҳожирларни эса полиция бўлимига олиб кетган”, – дейди тожикистонлик муҳожир.

Ҳар йили минглаб Тожикистон фуқаролари Россия фуқаролигини олмоқда. Уларнинг кўпчилиги фуқароликни меҳнат патенти учун пул тўламаслик ва полиция зўравонлигидан ҳалос бўлиш учунгина олиб қўймоқда. ИИВ статистик маълумотларига кўра, жорий йилнинг январидан июнигача 87 мингга яқин Тожикистон фуқароси Россия фуқаролигини олган, бу ўтган йилга нисбатан 13 минг нафарга кўпдир. Ҳар куни деярли 500 нафар Тожикистон фуқароси Россия фуқаролигини олади.

Ҳуқуқбонлар уруш пайтида Россия фуқаролигини олмай туришни маслаҳат берса ҳам, Россия паспорти эгаси бўлишни хоҳловчи Тожикистон фуқаролари сони ортиб бормоқда. Ҳуқуқбон ва экспертларнинг огоҳлантиришича, Россиянинг кўплаб «янги фуқаролари» тез орада Украинадаги фронтга жўнатилиши мумкин.Улар икки фуқароликка эга муҳожирларга миллий паспортлари орқали Россияни зудлик билан тарк этишни маслаҳат бермоқда. Бироқ даромадини йўқотишдан қўрқаётган кўплаб муҳожирлар Россияда қолишни афзал кўрмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ