Бишкекдаги Ленин сайлов округи бўйича Жўғўрқу Кенешга такрорий сайловлар якунланди, уларда Кубаничбек Самаков ғалаба қозонгани айтилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда рўйхатга олинган 127 минг 239 нафар инсондан атиги 20 минг 169 нафари, яъни, сайловчиларнинг 15,85 фоизи сайловда иштирок этган.
Сайлов ахборот тизими маълумотларига кўра, Кубаничбек Самаков энг кўп – 5 минг 273 (26,14%) овоз тўплаган. Кейинги ўринларда 3 минг 831 овоз (18,99 фоиз) олган Русланбек Тагаев ва 2 минг 630 овоз (13,04 фоиз) билан Алмаз уулу Асқар келмоқда. Бу бюллетенларни автоматлаштирилган санаш тизими тақдим этган дастлабки сайлов натижаларидир, расмий натижа бюллетенларни қўлда санаб ўтгандан сўнг эълон қилинади.
Аввалроқ МСКга сайлов жараёнида қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 8 та мурожаат келиб тушганини, шулардан 4 таси овозларни сотиб олиш билан боғлиқ бўлганини маълум қилган эди. МСКга кўра, икки мурожаат аллақачон ўрганилиб, уларда ҳуқуқбузарлик аломати топилмаган, яна иккитаси ҳозирда текширилмоқда.
10 сентябрь куни Бишкекнинг Ленин туманида Жўғўрқу Кенеш депутатлигига такрорий сайловлар бўлиб ўтди. Сайловда 24 нафар номзод иштирок этган, шулардан 19 нафари эркак ва 5 нафари аёллардир.
28 май куни бўлиб ўтган аввалги сайловдаги овоз бериш натижалари ҳақиқий эмас деб топилган эди. Сайловда етакчилик қилаётган номзодлар – Дамира Ниёзалиева ва Улан Сариевлар овозларни сотиб олишда гумонланган, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.