Kloop Media ўз мақоласини ўчириб ташлашни талаб қилган Маданият вазирлиги устидан шикоят қилди

Kloop Media жамоатчилик фонди (Kloop.kg сайти) юристлари 8 сентябрь куни Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги устидан шикоят аризаси ёзган. Аввалроқ вазирлик нашрдан “Сиёсатчи Равшан Жеенбеков 1-тергов ҳибсхонасида қийноққа тутилаётганини билдирди” сарлавҳали материалини икки кун ичида ўчириб ташлашни талаб қилган эди. Айни пайтда вазирлик онлайн нашр бу талабни бажаришдан бош тортган тақдирда «Kloop.kg сайти фаолиятини икки ойгача тўхтатиб қўйиш ҳақида” қарор қабул қилинишидан огоҳлантирган.

Маданият вазирлиги устидан шикоят берилганига оид хабарида нашр вазирлик вакиласи Зарина Калмуратова сўзларига таянган ҳолда мазкур материал юзасидан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси шикоят киритганини, қўмита фикрича, мақола “фейклар тўғрисидаги қонунга зид ва МХДҚ обрўсига путур етказиши”ни қайд этган.

Шикоят аризасида Kloop Media юристлари “республика қонунчилигига мувофиқ, “жавобгардан [материални] ўчириб ташлаш ёки раддия беришни талаб қилиш фақат суд даъво аризаларига кўрагина мумкин”.

Ўчириб ташлаш тўғрисидаги қарор қонунчилик талаб ва шартларига мувофиқ эмас. […] Биз “Ҳақиқатга мувофиқ келмаган (ёлғон) маълумотдан ҳимояланиш тўғрисида”ги қонундан кўра юридик кучи юқорироқ бўлган Фуқаровий кодекс меъёрларидан фойдаланишни қонунийроқ, деб ҳисоблаймиз”, дейилган мурожаатда. Унда ўша материалда маълумот манбаси кўрсатилган ҳолда берилгани, “содир этилган жиноят ҳақидаги бирор-бир ҳолат юзасидан ўзбошимчалик билан иддао қилинмагани” айтилган.

Эслатиб ўтамиз, мухолифатчи Равшан Жеенбековнинг ўзини Бишкекдаги 1-тергов ҳибсхонаси ертўласида жойлашган “зах ва совуқ камера”га ўтказишгани ҳамда “МХДҚ кўрсатмаси” билан қийноққа тутишаётгани ҳақидаги баёноти сиёсатчининг Facebook’даги саҳифасида 1 сентябрь куни ёйинланган эди.

Кейинроқ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий марказ 5 сентябрь куни 1-тергов ҳибсхонасида ўтказилган мониторинг натижасида бу шикоятни тасдиқлаган ҳамда “санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароти яратилмагани” учун камераларда сақлаш шартларининг стандартлари бузилганини урғулаган. “Хусусан, камераларда юқори намлик кузатилмоқда, захкашликдан деворлар ва шифтдан сувоқлар кўчиб тушиб, полдаги бетон ёрилиб кетмоқда”, дея қайд этилган миллий марказ хабарномасида.

Аввалроқ Бишкек прокуратураси Kloop Media фондини тугатиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган эди. Нашр вакиллари прокуратуранинг бу аризасини “Қирғизистонда сўз эркинлигига нисбатан мисли кўрилмаган босим” деб аташган. Маълумотларга кўра, ташкилот юристлари прокуратуранинг даъво аризасига қарши эътирознома беришмоқчи.

Мазкур иш бўйича илк суд мажлиси 26 сентябрга белгиланган. Маҳкама Бишкек шаҳрининг Свердлов туман судида ўтказилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Human Rights Watch (HRW) каби халқаро ташкилотлар ҳамда Қирғизистон медиаҳамжамияти Kloop Media’га қарши берилган даъво аризасини қайтариб олишга чақиришган. Шунингдек, бир қатор нуфузли халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Европа Иттифоқини Қирғизистонда Kloop.kg’га босим ўтказилаётганига эътибор қаратишга чорлашган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ