Олмаотада «Озодлик медиафоруми» бўлиб ўтади

Олмаотада Озодлик радиоси хизматлари («Озод Европа Радиоси/Озодлик радиоси», Radio Free Europe/Radio Liberty, RFE/RL) Марказий Осиёда очилганининг 70 йиллиги муносабати билан медиафорум бўлиб ўтади.

Озодлик радиоси медиафоруми бир кун давом этади, унда бир нечта панель муҳокамалари ва тақдимотлар ўтказилиши кутилмоқда. Тадбир давомида радионинг турли тиллардаги хизматлари вакиллари ва меҳмон маърузачилар минтақадаги матбуот эркинлиги ҳолатини муҳокама қиладилар.

Шунингдек, Марказий Осиёда инсон эркинликлари ва демократия ривожига таъсир этувчи омиллар ҳам муҳокама қилинади.

Форум давомида турли таҳририят вакиллари журналистик суриштирув олиб бориш, фавқулодда вазиятларни ёритиш, веб-сайтлар блокировка қилинаётган шароитида ишлаш бўйича тажриба алмашадилар.

Медиафорумда бепул қатнашиш, у ҳақида батафсил маълумотни махсус вебсайтдан олиш мумкин.

Форум «Азаттик»нинг (Озодлик радиосининг қозоқ таҳририяти) YouTube ва Facebook саҳифаларида трансляция қилинади.

Oзодлик радиоси («Озод Европа Радиоси/Озодлик радиоси», Radio Free Europe/Radio Liberty, RFE/RL) АҚШ Конгресси гранти ҳисобидан молиялаштириладиган мустақил медиакорпорация ҳисобланади. Компания сўз эркинлиги чекланаётган 23 давлатда 27 тилда ахборот тарқатади.

Ҳозирда радионинг Марказий Осиёда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда (Радио Озоди), Ўзбекистонда (Озодлик радиоси), Туркманистонда (Азатлик радиоси) таҳририятлари мавжуд .

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ