Туркиядаги сел тошқини оқибатлари: Икки вилоятда қурбонлар сони беш нафарга етди

Туркиянинг Истанбул шаҳри ва Қирқларэли вилоятида 5 сентябрь оқшомида дафъатан бошланган кучли жала сел тошқинига сабаб бўлди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришларича, Истанбулнинг Башакшеҳир, Кучукчекмеже ва Арнавуткўй туманларида кўчалар тез фурсатда дарёга айланди, тошқин кўчалардаги автомобилларни оқизиб кетди, метро станциялари, биноларнинг ертўла қисмлари ва биринчи қаватлари сувга тўлди.

Истанбул волийлиги тарқатган маълумотга кўра, тошқин туфайли Арнавуткўй ва Башакшеҳирда 2 киши нобуд бўлган – қурбонлардан бири хорижлик. Шунингдек, 12 киши турли жароҳатлар билан касалхонага етказилган.

Ички ишлар вазири Али Ерлиқая қайдича, Арнавуткўйда 291 та уй, Башакшеҳирда 131 та уй ва 650 та ишхона, Кучукчекмежеда 98 та уй ва 13 та ишхона, Султангазида 10 та уй ҳамда Еюбсултан туманида 30 та уй селдан шикастланган.

Бу орада Қирқларэли вилоятида ҳам вазият тобора оғирлашаётгани айтилмоқда. Хусусан, сел 3 кишининг ҳаётига зомин бўлган, бедарак кетган яна 3 киши қидирилмоқда.

Масъуллар ҳар икки вилоятда аҳолидан эҳтиёткорлик тадбирларини оширишни сўраган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси волийлик ва мутасадди ташкилотлар билан боғланиши натижасида вафот этганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини ўрганган.

“Жабрланганлар орасида ватандошларимиз борлиги ҳақида дипломатик ваколатхонага маълумот келиб тушмаганлигини маълум қиламиз”, дейилган консулхона хабарномасида.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ