Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов «Озодлик» нашрига берган интервьюсида Қирғизистон учун санкциялар таҳдиди реаллигича қолаётганини ва шу сабабли мамлакат расмийлари АҚШ ва Европа етакчилари билан алоқада эканини айтди.
“Улар ҳам тушунишади. Чунки Қирғизистон иқтисодиёти эркин. Ҳамкорлар ҳам барча компанияларни диққат билан кузатиб бора олмаслигимизни тушунишади”, – дея тушунтирди расмий.
20 июль куни АҚШ Молия вазирлиги 120 дан ортиқ компанияга, жумладан, Қирғизистонда рўйхатдан ўтган тўртта фирмага нисбатан санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Департамент маълумотларига кўра, “қора рўйхат”даги компаниялар томонидан етказиб берилган айрим маҳсулотлар Украинага қарши урушда қўлланилган ҳарбий техникада топилган.
Бунгача, май ойи охирида АҚШ Савдо вазирлиги “Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлагани” учун санкцияга учраган компаниялар рўйхатини эълон қилган эди. Унинг таркибига Россия Федерацияси ташкилотларидан ташқари Қирғизистоннинг «Tro.Ya» компанияси ҳам кирди.
Иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев «Озодлик» нашрига берган интервьюсида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов олиб бораётганини, Қирғизистон расмийлари эса “АҚШ расмийлари билан икки томонлама музокаралар ва учрашувлар ўтказиш имкониятини” кўриб чиқаётганини эслатди.
Қоидага кўра, қора рўйхатга киритилган компаниялар халқаро бозорда ишлай олмайди ва Ғарб мамлакатлари корхоналари билан ҳамкорлик қила олмайди. Уларга хизмат кўрсатишни тақиқлаш ҳам мавжуд.
Айни пайтда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази маълум қилишича, АҚШ Россия санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берган Қирғизистон Республикасининг тўртта компаниясига нисбатан санкциялар жорий этишидан бироз аввал Бишкек ташқи савдо статистик маълумотларини нашр этишни тўхтатган ва санкцияланган маҳсулотлар айланмаси ҳақидаги маълумотларни ёпиб қўйган.