Москвадаги қирғизистонлик диаспоралар учун ҳуқуқий саводхонлик бўйича тренинг ўтказилди

Қирғизистонликларнинг Москва шаҳридаги (Россия) диаспоралари учун ҳуқуқий саводхонлик ва ижтимоий мослашув бўйича тренинг ўтказилди.

Қирғизистон Республикаси Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, семинар ушбу бошқарманинг Россия пойтахтидаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган.

Ушбу учрашувда Москва вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ирина Фаевская ҳамда Россия фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти вакиллари қирғиз диаспоралари вакиллари билан суҳбатлашди. Нашрда таъкидланганидек, иштирокчиларга “Россия Федерациясининг миграция қонунчилиги, чет эл фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириши, миграция қонунчилигига риоя қилиш ва уни бузганлик учун жавобгарлик масалалари бўйича маълумотлар берилди”.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳаётини суғурталаш, таълим хизматларидан фойдаланиш, миграция рўйхатидан ўтиш тартиблари, шу жумладан, Қирғизистон Республикаси фуқароларининг Россияда қонуний бўлиши ва ишга жойлашиши учун бармоқ излари ва тиббий кўрикдан ўтиш масалалари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 19 июндан 25 июнгача Россияда «Нелегал-2023» рейди ўтказилган, натижада Россия ИИВ маълумотларига кўра, 7 мингга яқин муҳожир мамлакатдан чиқариб юборилган, бир неча минггасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Асосан, уларга Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний бўлиш, ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси, қурол-яроғ ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари қўйилган.

Бу депортация қилинганлар орасида Москва ва Москва вилоятидан чиқариб юборилган 130 нафар Қирғизистон фуқаролари ҳам бор эди. Мигрант-қоидабузарларни аниқлаш кампаниясининг иккинчи босқичи октябрь ойининг бошига мўлжалланган.

2022 йилдаги расмий маълумотларга кўра, 1 миллион 118 минг қирғизистонлик вақтинча хорижда яшаб, меҳнат қилмоқда. 2023 йилнинг май ойида Қирғизистон Республикаси Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги хориждаги Қирғизистон фуқаролари сони аллақачон 1,5 миллиондан ошганини маълум қилган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ