Қирғизистонда инсулин ишлаб чиқарувчи завод қурилади

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва “BIOPHARMAX BV” компанияси ўртасида “Ҳаёт фанлари саноат парки” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат фармацевтика мажмуасини, шу жумладан, Евросиё иқтисодий иттифоқининг ишлаб чиқариш амалиёти қоидалари талабларига жавоб берадиган инсулин ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқарувчи заводни қуришни назарда тутади. Бундан ташқари, лабораториялар, ўқув маркази ва омборхоналар қурилади. Барча объектлар Қирғизистон ҳудудида жойлаштирилади.

“Лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли мамлакатимизда инсулин ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқарилади, уларнинг аксарияти Қирғизистон Республикасининг муҳим дори воситалари миллий рўйхатига киритилган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган дори воситалари. Бундан ташқари, замонавий фармацевтика мажмуасининг барпо этилиши фармацевтика соҳасида технологиялар жадал ривожланаётганини ҳисобга олган ҳолда янги инвесторларни жалб қилиш учун мультипликатив самара беради”, — дейилади Иқтисодиёт вазирлиги ахборотида.

Қирғизистонда дори воситалари асосан четдан келтирилади, шунинг учун уларнинг аксарияти нархи қиммат.

Ўтган йили Жогорку Кенеш диабетга чалинганлар учун инсулин етишмаслиги масаласини кўтарган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Қирғизистонда 60 мингга яқин қандли диабет билан касалланганлар расман рўйхатга олинган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ