Бишкек шаҳар суди мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жеенбековнинг хотинини ҳибсда қолдирди

14 июнь куни Бишкек шаҳар суди қамоқдаги мухолифатчи Равшан Жеенбековнинг рафиқаси Салқинай Алимбаевани икки ойга ҳибсга олиш ҳақидаги туман судининг қарорини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.

26 май куни Бишкекнинг Первомайский туман суди мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жеенбековнинг рафиқаси Салқинай Алимбаевани икки ойга ҳибсга олди.

25 май куни Салқинай Алимбаева Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилди. Разведка хизмати унга нисбатан қўзғатилган иш ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.

Гумонланувчининг адвокати Разоқ Ашимбаевнинг сўзларига кўра, Алимбоева Бишкекдаги иккита ер участкасининг ноқонуний сотилиши бўйича “коррупция”да айбланган. Унинг айтишича, воқеа ўтган йили содир бўлган ва Алимбаеванинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Унинг турмуш ўртоғи Равшан Жеенбеков ҳозирда Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Ўтган йилнинг 23 октябрида у 30 га яқин сиёсатчи ва фуқаролик фаоли билан бирга “Оммавий тартибсизликлар уюштириш” моддаси билан ҳибсга олинган эди. Бундан олдин Жеенбеков сиёсатчилар, сиёсий ташкилотлар, фаоллар ва сиёсий ҳаракатлар Кемпирободни ҳимоя қилиш қўмитаси тузилганини маълум қилган эди.

Жеенбековга айни пайтда Бишкекнинг Первомайский туман судида кўрилаётган Қўй-Тош ҳодисаси бўйича ҳам айблов қўйилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ